Дам олиш кунлари Ўзбекистон аҳолисини жуда илиқ об-ҳаво кутмоқда

0

Синоптикларнинг маълум қилишларича,   бугун ва эртага Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан жуда қуруқ ва илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.

Республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кундузи 15-20 даража илиқ, жанубда 22 даражагача илиқ, кечалари 0-5 даража илиқ атрофида бўлади. Ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 10-12 даражага юқори бўлади.

Якшанба куни Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан булутли оқими кириб келади. Бунинг натижасида об-ҳаво булутли бўлиб, кундуз куни ҳаво ҳарорати 13-16 даража илиқ, кечаси 0-5 даража илиқ атрофида бўлади. Аммо бундай ҳарорат ҳали ҳам иқлим меъёрларидан 5-7 даражага юқоридир, дейилади «Ўзгидромед» хабарида.

Бироқ, бу иссиқ ҳали баҳор эмаслиги, келаси ҳафтадан қиш яна жиловни ўз қўлига олиши таъкидланмоқда.

Хабарда шу кунларда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи борлигидан огоҳлантирилган.

loading...