«ДEБЮТ» кинофестивали ғолиблари тақдирланди

0

Бугун «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» доирасида бўлиб ўтган ёш киноижодкорлар учун ташкил этилган «Дебют» қисқа метражли фильмлар фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маросимни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди. Шундан сўнг, саҳнага Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Дилноза Каттахонова таклиф қилиниб, ёш киноижодкорларни бугунги кун билан табриклади ва уларнинг келажакдаги ишларида омад тилади. Билдирилган яхши тилаклардан кейин саҳнада «Дурдона» рақс ансамблининг чиқишлари намойиш этилди. Сўнгра «Дебют» қисқа метражли фильмлар фестивалини тақдирлаш маросимига старт берилиб, «Энг яхши фильм», «Энг яхши режиссёр»,  «Энг яхши оператор», «Энг яхши рассом», «Энг яхши сценарий» номинациялари бўйича ғолибларни эълон қилиш бошланди.

Фестивалнинг «Энг яхши сценарий муаллифи» номинациясига «Рўмол» қисқа метражли фильмининг сценарий муаллифи Аббос Хуррамов лойиқ кўрилди. Мукофотни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар универститети ректори Шерзодхон Қудратхўжа топширди.

«Энг яхши рассом» номинация бўйича «Эртага баҳор» фильми учун Муҳиддин Кенжаев ва Муҳаммад Тангматов, «Энг яхши оператор» номинацияси учун «Баҳс» фильми оператори Абдулазиз Асатуллаевлар тақдирланди.

«Энг яхши режиссёр» номинация бўйича эса «Рўмол» фильми режиссёри Ҳасан Алижонов мукофотланди.

«Дебют» фильмлар фестивалининг мутлоқ ғолиби, «Энг яхши қисқа метражли фильм» номинация бўйича ёш режиссёр Роман Грублякнинг «Кичкина катта одам» фильми ғолиб деб топилди. Фильм режиссёрига мукофотни «Ўзбеккино» МА Бош директори Фирдавс Абдухолиқов топширди.

Кино ҳафталикнинг бешинчи куни ҳам охирлаб, «Дебют» қисқа метражли фильмлар фестивалининг бу йилги ғолиблари муносиб тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, эртага ҳафталикнинг сўнгги куни Ўзбекистон халқ артисти, атоқли режиссёр ва педагог Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллик юбилейига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтади.

loading...