Таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева 83 ёшида вафот этди

0

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Лети, моя мечта» (1972, рус тилида), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) каби тўпламларига кирган ўнлаб, юзлаб шеърлари ўзининг оташ нафаси, даъваткорлиги, самимий ва исёнкор руҳи билан ўз халқи юрагидан чуқур жой олган шоирамиз Гулчеҳра Нуруллаева кеча, 15 январь куни вафот этди.

 

Шоира 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Отаси чор-ночор рўзғор тебратган. Онаси эса уй юмуши билан банд бўлган.

 

Гулчеҳра Нуруллаева 1946—1956 йилларда ўрта мактабда ўқиб, уни олтин медаль билан тугатган. 1956-1961 йилларда эса Тошкент дорилфунунининг журналистика бўлимини аъло баҳоларда битирган. Сўнгра «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961— 1967) ойномасида ўз фаолиятини бошлайди. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида таҳсил олади. 2018 йилдан буён Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Унинг ижоди асосан 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилган. Шу кунгача ўндан ортиқ тўпламлар нашр эттирган эди.

 

«Уларга бу куннинг назари билан қараб, — деб ёзади шоира ўз таржимаи ҳолида, — жуда кўп шеърларимдан воз кечдим. Умуман, Ўзбекистоннинг мустамлака, ўзимнинг қул бўлиб яшаганимни узоқ йиллар билмаган эканман. Биз ташқи дунёдан, ўтмишдан бутунлай узилгандик, империя мафкураси онгимизга ҳар томонлама сингдирилганди. Шу туфайли ҳамма қатори пионер, комсомол, комфирқа аъзоси бўлганман. Халқимиз Паркентда Комфирқа бошчилигида отилганининг эртасигаёқ партия билетини ташладим. Ёзувчиларнинг 1991 йил октябр ойида бўлган Қурултойида менга берилган Ленин комсомоли мукофоти ва «Ҳурмат белгиси» орденидан воз кечиб, уни қайтариб бердим».

 

Ҳа, шундай! Шоира ана шу шижоат, исёнкорлик, адолат учун жонфидолилик ўзи айтганидек, аввалги кўп шеърларидан ҳам воз кечишга олиб келди. Бироқ, шоира нимадан, қайси шеърларидан воз кечмасин, энг муҳими ўз халқи учун, унинг порлоқ келажаги, бахт-саодати учун шеър ёзишдан бир зум ҳам кечолмади.

 

Шоиранинг ёниқ шеърияти борлигига қуйидаги қатра ҳам исбот бўла олади:

Кимга гул, ким учун балки тиканман,
Юртим, хизматингга ярармикинман?!

loading...