Вазирлик АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси билан учрашди

1

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси билан учрашди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.

«Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқлар ва кўплаб оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик иқтидорли шахматчилар билан мамлакат шахмат федерацияси ўртасида юзага келаётган муаммоли ҳолат юзасидан бир қатор янгиликлар эълон қилинди.

Жумладан, ўзбекистонлик энг иқтидорли шахматчи қизлардан бўлмиш Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2020 йилдан бошлаб халқаро мусобақаларда AҚШ номидан иштирок этишга қарор қилганлиги, ўз навбатида дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоровнинг Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан шахматчиларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармаса, ўз федерациясини алмаштириши мумкинлиги ҳақида берган интервьюси ҳам жуда кўплаб юртдошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи саналади. Шу сабабли Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга бефарқ қараб турмаймиз.

Шу мақсадда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Aлишер Мўминов билан учрашди. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон Ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, ёш ва умидли шахматчимиз Ж.Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тингланди. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилди.

Таъкидлаш керак, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида», дейилади хабарда.

loading...

1 ТА ФИКР

  1. Узбекистонда коррупция устунлик килган хамма вакт. Истидодли , иктидорли ёшларимизни куллаб куваттлаш урнига, огзи кийшик бойни боласини куллаб кувватлашади. Ман шахсан танийман иктидорли ( Бир вактлари эди.) ёш шахматчини. Республика буйича утказилган олимпиадада биринчи уринга етарли балл туплаган вактида, уни четга суриб, кайсидир бир пулдорни боласини ( олимпиадада катнашмаган хатто) олиб келиб биринчи уринга чикариб куйишганда, хамма орзуларига тупурдим диворди. Ташаб кетти шахмат мангамас диб. Сабаб бизада пули бор одамни боласи тупой бусаям, карсак остида юради.

Comments are closed.