Австралия ҳукумати «АҚШдан келган» каптарни ўлдирмайди. У мазкур мамлакатда яшаган ва карантин қонунини бузмаган

0

Австралия ҳукумати 13 минг километр масофани босиб ўтиб, АҚШдан тасодифан мамлакатга етиб келган Жо исмли пойга каптарини эвтаназия — инфекция ёрдамида ўлдиришга қарор қилгани тўғрисида хабар берилганди. Мамлакат Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазирлиги мазкур ҳолат бўйича рекширув ўтказиб, каптар Қўшма Штатлардан келмаган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

 

Австралия Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазирлиги «АҚШдан учиб келган» Жо лақабли каптар ҳақида тарқалган янгиликлардан сўнг текширув ўтказган. Аввалига мамлакат ҳукумати қуш касаллик ташувчиси бўлиши мумкинлиги сабаб уни инфекция ёрдамида ўлдиришга қарор қилганди. Бироқ кейинроқ қуш Қўшма Штатлардан келмаган бўлиши мумкинлиги айтилди.

 

Қуш ҳақида биринчи бўлиб Мельбурн яқинида истиқомат қилувчи Кэвин Селли-Бёрд сўзлаб берган. У чанқаб кетган каптарга 2020 йилнинг декабрида орқа ҳовлисида дуч келган ва уни овқатлантирган. Шунингдек, эркак қуш панжасидаги боғични пайқаб қолган ва у АҚШдан келган «пойга каптари» эканлигини аниқлаган. Ушбу маълумотни каптарлар пойгасига боғлиқ Оклахомадаги ташкилот ҳам тасдиқлаган. Селли-Бёрд каптарга АҚШда сайланган президент Жо Байденнинг шарафига Жо деб ном берган.

 

Жонинг тарихи катта шов-шувларга сабаб бўлди: у ҳақда дунёнинг йирик ОАВлари ёзди, шунингдек, қуш ҳақида Австралия бош вазири Майкл Маккормак ҳам фикр билдирди. Мазкур воқеалар фонида Америка пойга каптарлари иттифоқи баёнот билан чиқиб, қуш панжасидаги боғични сохта деб атади.

 

Мельбурнда каптарларни қутқариш билан шуғулланувчи ташкилот Жо асли Австралияда яшаган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Таъкидланишича, бунга қадар ҳам сохта ҳалқалар кийгизилган каптарлар топилган, бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлигига хабар берилган. Бундан ташқари, Камберленд пойга каптарлари марказий федерацияси Жо пойга каптари эканлигига шубҳа билдирган, чунки у жуда ёш кўринади.

 

Кейинроқ Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазирлиги «Жо Австралияда яшаганлиги ва биохавфсизликка хавф туғдирмаслигини» маълум қилган. Идоранинг ҳисоблашича, қуш панжасидаги боғич сохта.

loading...