Лос-Анжелесда дизайнер бошпанасиз аёлга янги квартира совға қилиб, TikTok’ни ҳайратлантирди(видео)

0

Кийим-кечаклар ва заргарлик буюмлари бўйича дизайнер, тадбиркор Исаия Гарза бошпанасиз аёлга янги квартира совға қилди. Унинг бу каби меҳрибончилиги тасвирланган видео TikTok платформасидаги миллионлаб фойдаланувчиларни ҳайратлантирди.

Гарза даромадининг маълум бир қисмини мунтазам коронавирус пандемиясидан жабр чекканларга ёрдам беришга сарфлашга қарор қилган. Миллионлаб маротаба томоша қилинган видеода дизайнер машинада Робин исмли аёлнинг ёнига келади ва унга мурожаат қилади: «Ишларинг қалай?». У хурсанд бўлиб бақирган ҳолда автомобилга яқинлашади.

Дизайнер унга ичида янги квартиранинг калити жойлашган Янги йил пакетини узатади. «Йўқ, йўқ… Ақлдан озибсан! Эй, Худойим», — дея ҳайратланади Робин. Шундан сўнг Гарза уни совға қилинган уйига олиб борган. Ажойиб тарзда безатилган квартирада икки ўриндиқли каравот, катта телевизор ва диван каби кўплаб буюмларни учратиш мумкин.

Гарзанинг сўзларига кўра, Робин сўнгги 10 йилдан буён кўчада яшаб келган. У аёлга ёрдам беришга қарор қилиб, TikTok орқали пул йиғган. «Бугун обуначиларим шарофати билан у уйли бўлди», — дея таъкидлайди дизайнер. Роликка 16 миллиондан ортиқ лайк ва юз минглаб изоҳ қолдирилган.

loading...