ҚОТИЛЛИК: Наманганда уй-жой можароси фожиага айланди

0

Инсон кўзини фақатгина бир сиқим тупроқ тўйдиради. У тирик экан, гўёки абадий яшайдигандек мол-дунё топиш, уй-жой қилиш илинжида чумолидек тиним билмайди. Аммо вақти-соати етиб, ҳаммаси ёлғончи дунёда қолишини, у дунёга ҳеч нарсасиз кетишини ҳар доим ҳам англайвермайди. Собиқ эр-хотинларнинг уй талашиши улардан бирининг бевақт оламдан ўтишига, иккинчисининг панжара ортига йўл олишига, болаларнинг бевақт етим қолишига сабаб бўлди. Улар талашган уй эса илгари қандай турган бўлса, шу ҳолича ўз жойида қолди…

Бу воқеа 2020 йилнинг 21 июнь куни да Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида содир бўлди. Фуқаро Икром Сайфиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўрталаридаги уй-жой низосидан қутулиш, яъни таъмагирлик ниятида собиқ турмуш ўртоғи Жумаева Солиҳанинг кўкрак ва қорин бўшлиғига бир неча маротаба пичоқ санчиб, қасддан ўлдирган.

“Анчадан бери уй талашардик”

Судланувчи Икром Сайфиев судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўргазма берди:

–2020 йил 21 июнь куни ёмғир ёққани учун уйда ўтирганимда амакимнинг хотини З.Сайфиева маҳалладоши Р.Кабирова билан келиб, собиқ хотиним Солиҳа Жумаевадан ҳовлининг 6 сотихини сотиб олганини айтиб, “бўшат”,деб жанжал қилди. Уларнинг гапига эътибор бермай, хотиним С.Ҳамидова билан далага кетдик. Қайтиб келганимизда, уйдаги анжомлар бетартиб сочилиб ётарди. Собиқ хотиним Солиҳа Жумаева ҳам шу ерда эди. Унга суднинг ҳал қилув қарорига асосан ҳовлининг 4 сотихи тегишли эканлигини айтдим. У эса устимдан кулиб, ҳақорат қилди. Солиҳага уйдан кетишини сўраб, хонадан чиқаётганимда, унинг эркаклик шаънимга тегувчи ҳақоратли сўзларини эшитиб, жаҳлим чиқиб кетди. Аслида уни ўлдириш ниятим йўқ эди. Қўлимга пичоқ қаердан келиб қолганини билмадим. Ўзимга келганимда Солиҳани пичоқлаб қўйгандим. У билан орамиздаги уй-жой низоси анчадан бери давом этиб, уй талашиб келардик. Эркак киши кўтара олмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани учун ушбу жиноят содир бўлди. Тергов вақтида воқеадан шок ҳолатда бўлганим учун қандай кўргазма берганимни эслай олмайман. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман. Солиҳанинг оила аъзоларидан кечирим сўрайман. Суд ҳайъатидан оилавий аҳволимни инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашларини илтимос қиламан.

“Отамга энг оғир жазони тайинланг…”

Жабрланувчи Солиҳа Жумаеванинг қонуний вакили Сайфиева Наргиза судда қуйидагиларни маълум қилди:

– Судланувчи Икром Сайфиев отам, марҳума –жабрланувчи Солиҳа Жумаева онам бўлади. Ота-онам 2008 йилда ажрашишган. 2018 йилдан бери уларнинг ўртасида уй-жой низоси давом этиб келмоқда. 2020 йил 21 июнь куни отам И.Сайфиев онам С.Жумаевани пичоқлаганини эшитиб, шифохонага етиб бордим. Борганимда онам вафот этган экан. Отамнинг бу қилмишини ҳеч қачон кечирмайман. Суд ҳайъатидан онамни ўлдиргани учун отамга энг оғир –умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўрайман.

“Ҳеч қандай жанжал бўлгани йўқ…”

Судда гувоҳ сифатида сўралган З.Сайфиева ва Р.Кабировалар қуйидагича кўрсатма беришди. Улар биргаликда ўша куни И.Сайфиевнинг уйига боришган. Икром билан сўрашиб, хонага киришган, тозалашни бошлаб, ичкаридаги нарсаларни ҳовлига ташиб чиқаришган. Тушлик маҳалларда марҳума С.Жумаева уларга тушлик олиб келган. Биргаликда тушлик қилишган, у телефонидан неварасининг фотосуратини кўрсатиб, “Неварам Икромга ўхшайди”, деган. Унинг гапидан аёллар кулиб юборишган. Шу пайтда И.Сайфиев кириб келган, “Сен бу уйга харажат қилганмисан?”деб қўлидаги пичоқни Солиҳага санчганини кўриб, улар қўрқиб кўчага қочиб чиқишган. Телефонда “Тез ёрдам” ва профилактика инспекторини чақиришган. Уларнинг маълум қилишича,шу куни судланувчи ва марҳума ўртасида ҳеч қандай жанжал бўлмаган, бир-бирларини ҳақорат қилишмаган.

Ҳукм ўқилди

Сайфиев Икром Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан айбдор, деб топилди. Унга нисатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўтаттирилиши белгиланди.

Жамшид Мамуров,

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

loading...