Самарқандда қурилиши битмаган хонадонда 20 та газ баллон портлаб кетди. Ҳолат бўйича суриштирув олиб борилмоқда

0

Кеча, 18 январ куни тунда ижтимоий тармоқлар орқали «Самарқанд тумани Пулимуғоб маҳалласи томонда ёнғин содир бўлди» деган мазмунда видеолавҳалар тарқалди. Kun.uz Бугун мазкур ҳодиса юзасидан Самарқанд туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Жасур Раҳмонов билан боғланиб, ундан ҳодиса юзасидан изоҳ олди.

Жасур Раҳмоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ёнғин жорий йилнинг 18 январ куни соат 20:08 да Самарқанд тумани «Ражабамин» маҳалласида яшовчи О.Н. га тегишли қурилиши битмаган уйнинг ертўласида содир бўлган. Оқибатда ертўлада бўлган 20 та маиший газ баллони бирин-кетин портлаган ва бинонинг 50 кв.м майдони ёнган.

Ёнғин содир бўлган жойга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва туман бўлими ўт ўчирувчилари зудлик билан етиб бориб, тахминан соат 22:16 ларда олов ўчирилган. Ёнғинни бартараф этиш учун 4 та ўт ўчирувчи техникалар жалб қилинган. Натижада уйнинг 90 кв.м майдони сақлаб қолинган.

Самарқанд тумани ФВБ раҳбарининг билдиришича, ёнғинда ҳеч ким жабр кўрмаган. Шунингдек, ёнғин қай тарзда келиб чиққани ҳам ҳозирча аниқ эмас. Аввал ёнғин келиб чиқиб сўнг газ баллонлари портлаганми ёки газ баллонлари портлаши оқибатида ёнғин келиб чиққанми ҳозирча маълум эмас. Ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари давом этяпти. Бугун ҳодиса рўй берган жойда туман ФВБ, ИИБ, вилоят ва туман «Ҳудудгаз» бўлим ва бошқармалари иш олиб бормоқда.

Хонадон эгаси битмаган бинонинг ертўласига газ тўлдирилган баллонлар қандай келиб қолгани ҳақида тайинли жавоб бера олмаган. Буни аниқлаш мақсадида туман ИИБ томонидан суриштирув олиб бормоқда. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Жасур Раҳмонов суриштирувлар тугагач аниқланган ҳолатлар бўйича қўшимча маълумотлар берилишини билдирди.

P.S. Kun.uz’га мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан аҳолига тарқатилаётган газ баллонлар маълум бир хонадонларга туширилиб, ўша ердан тарқатилиши ҳақида мурожаатлар келиб туради. Бунда кўпинча «Hududgaz» ходимлари ҳам манфаатдор бўлади. Аввалроқ, «Urguttumangaz» газ таъминоти бўлимида ҳайдовчи-экспедитор бўлиб ишлаб келаётган шахснинг акаси уйида газ тўлдирилган баллонларни 65 000 сўмдан сотаётгани бунга яққол мисол.

loading...