Самарқанддаги қуриб битказилмаган уйда 20 та газ баллони портлади

0

Самарқанд туманидаги “Раджабамин” маҳалласида қуриб битказилмаган уйда содир бўлган ёнғин юзасидан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий маълумот берди. Бу маълумотни ФВВнинг Ахборот хизмати эълон қилди:

Интернет ресурсларидаги манбаларнинг бирида “Самарқанд вилояти Самарқанд туманида қурилиши тугалланмаган хонадонларнинг бирида кучли ёнғин келиб чиқди. Маълум бўлишича, у ерда газ тўлдирилган 20 та маиший газ баллони портлаган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган”лиги тўғрисида хабар тарқалди.

Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, 2021 йил 18 январ куни кеч соат 20:08 да вилоят ФВБ навбатчи диспетчерлик хизматига Самарқанд тумани “Раджабамин” маҳалласида ҳали қуриб битказилмаган уйида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга кўра, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 20:23.да етиб борган. Қутқарувчиларнинг олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин соат 22:16да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин натижасида хонадоннинг тахминан 50 кв.м майдони ҳамда “Дамас” русумидаги енгил автомашинаси зарарланган.
Шунингдек, ёнғинни ўчириш жараёнида қутқарувчилар томонидан мазкур хонадоннинг ертўласида мавжуд ёнғиндан зарар кўрган, тахминан 20 дона маиший газ баллони эҳтиёткорлик билан олиб чиқилиб, хавфсизлиги таъминланган.
Aйни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва зарар миқдори аниқланмоқда.
Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
loading...