Озодбек Назарбеков: «Ҳокимликларни огоҳлантирсак-да, барибир маданий мерос объектларига путур етяпти»

0

Маданият вазирлиги айни пайтда маданий мерос объектлари учун чиқарилган барча ноқонуний қарорлар, яъни қайси вилоятлар ва туманлардаги қайси объектларда хатоликларга йўл қўйилганлиги бўйича рўйхат шакллантирмоқда. Бу ҳақда маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга берган қисқа интервьюсида таъкидлаб ўтди.

«Рўйхатни 100 фоиз шакллантириб бўлиб, уни чора кўриш нуқтаи назаридан Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлисга киритмоқчимиз. Биз ҳокимликларга хатлар билан чиқяпмиз, тушунтиришлар ўтказяпмиз, уларга «Мана шу вилоятда мана шунча объектимиз бор, уларнинг чегара ҳудуди мана шунча ҳисобланади ва чегара ҳудудини бузиб, ҳеч қанақа қурилиш қилиш мумкин эмас», деган мазмунда олдиндан огоҳлантириб, объектлар рўйхатини беряпмиз, билдиришлар давом этмоқда. Лекин шунга қарамасдан, барибир бундай ҳолатлар кузатилмоқда. Яхши ҳам шу блогерлар бор экан, интернет тармоқларида бирдан маданий мерос объекти бузиб ташланяпти ёки унинг ёнидаги ҳудудда қурилиш бўляпти, деган мазмунда маълумотлар тарқалганидан кейингина биз хабар топяпмиз», — деди Назарбеков.

Унинг қўшимча қилишича, вазирлик маданий мерос объектларини асраб-авайлаш учун кўпроқ жамоатчилик эътиборини қаратишни режалаштирган.

«Ҳозирда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаментида 60 нафардан ортиқ ходим ишлайди. Объектлар сони 8 мингдан зиёд. Ходимлар объектларга кўз-қулоқ бўлолмайди, жисмоний жиҳатдан ҳам улгурмайди ва бунинг иложи йўқ. Уларнинг битта объектга беш ойда бир боришга вақти етади. Масалан, Навоий вилоятининг у бошидан нариги бошигача 600 километр, у ерда 4 нафар ходим ишлайди. Улар вилоятдаги мавжуд барча маданий мерос объектларини айланиб чиқаман, деса бир йил вақти кетади. Бир кунда ёки бир ойда ҳаммасини бориб, кўриб келолмайди. Имкониятларимиз мана шундай чегараланганлиги учун ҳам бизга кўпроқ жамоатчилик, маҳаллий ҳокимиятлар ёрдам бериши керак, яқиндан ҳамкорлик қилиши лозим.

Аслида маданий мерос объектлари ота-боболаримиздан биз учун қолдирилган омонат. Уларни келажак авлод учун асрашимиз шарт», — деди маданият вазири.

loading...