Россиянинг иккинчи вакцинаси коронавируснинг олдини олишда 100 фоизлик натижа кўрсатди

0

Россиядаги истеъмолчилар соғлиғини кузатувчи Роспотребнадзор ташкилотининг хабар қилишича, русларнинг EpiVacCorona номли коронавирусга қарши иккинчи вакцинаси синовларнинг дастлабки икки босқичида босқичида 100 фоизлик натижа берди.

«Клиник синовларнинг биринчи ва иккинчи босқичлари натижаларига кўра, EpiVacCorona вакцинасининг иммунологик самарадорлиги 100 фоизни ташкил қилмоқда» деб хабар берди ТАСС ахборот агентлиги Роспотребнадзорга асосланиб.

EpiVacCoronaни синовдан ўтказиш ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланганди. Шу пайтгача олиб борилган синовларда 18-60 ёшларда бўлган 100 кишида вакцинанинг хавфсизлиги текширилди. Энди текширувларнинг учинчи босқичи бошланади. Ушбу вакцина Сибирнинг Вектор институти томонидан ишлаб чиқилган.

Россия шу йили ўз аҳолисининг 60 фоизини коронавирусга қарши эмламоқчи. Айни пайтда русларнинг биринчи вакцинаси Sputnik V билан аҳолини эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг айтишича, EpiVacCorona март ойидан бошлаб оммавий эмлашларда қўлланила бошлайди.

loading...