Самарқандда вояга етмаган қиз зўрлангани ҳақида арз қилди ва сирли равишда ғойиб бўлди. Зўрлагани айтилган йигитлардан бири ўлган ҳолда топилди

0

2021 йил 02 январь куни 2004 йилда туғилган вояга етмаган П.Э. Каттақўрғон туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро И.С. ўзининг “Матиз” русумли автомашинасида уни Каттақўрғон шаҳар “Чинобод” маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини, шунингдек, фуқаро С.Р. ҳам “ВАЗ 2106” русумли автомашинасида уни Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган “Сув омбори” ҳудудига олиб бориб, уни зўрлаб жинсий алоқа қилганлигини кўрсатиб уларга нисбатан чора кўришни сўраган. Самарқанд вилояти прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан терговга қадар текширувга киришилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган, ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олиниб, вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган.

Ишда тўпланган далилларга асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 2021 йил 13 январь куни ўзининг Каттақўрғон туман “Саройқўрғон” маҳалласида жойлашган уйида вафот этганлиги аниқланган.

Фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 14 январь куни Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига фуқаро С.С. ариза билан мурожаат қилиб, унда вояга етмаган фарзанди П.Э. 10 январь куни уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий хабарда.

darakchi.uz

loading...