АҚШда дунёдаги энг юпқа мато яратилди

0

Бор-йўғи бир неча нанометр қалинликка эга мато яратишган АҚШнинг Массачусетс технология институти олимлари Гиннеснинг рекордлар китобига киришди.

“Nature” нашрининг маълум қилишича, мато одам сочидан ҳам ўнлаб марта ингичкадир.

Таъкидланишича, мато ип кўринишли молекулалардан иборат бўлиб, улар ўз навбатида углерод, водород, кислород, азот ва олтингугурт атомларининг бирикмасини ташкил этади. Бир-бирига перпендикуляр равишда боғланган иплар таркибидаги металл атомлари ҳамда салбий ионлар эса уларнинг узилиб кетишига йўл қўймайди.

Олимларнинг аниқлик киритишларича, матонинг қалинлиги 4 нанометр ( 1 нанометр – 1 метрнинг миллиарддан бир қисми), зичлиги эса ҳар квадрат сантиметр учун 15 дан 25 миллион ипгачадир.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мато индивидуал полимер иплардан икки баравар кучлидир.

Олимларнинг сўзларига кўра, ушбу матодан молекуляр «элак» сифатида фойдаланиш мумкин. Зеро, у катта ҳажмни сақлаган ҳолда, кичик молекулаларнинг ўтишига имкон беради ва эҳтимолки, сувни ёки бошқа моддаларни янада сифатли тозалаш учун фойдали бўла олади.

vesti.ru

loading...