ДХХ 3 млн 720 минг АҚШ доллари олган фирибгарни ушлади

0

Бугун мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш, фермер ва тадбиркорлар учун етарли шароитлар яратиш масаласига катта эътибор қаратиляпти. Бироқ, айрим қўштирноқ ичидаги ишбилармонлар бундай имкониятларни суистеъмол қилиб, давлат томонидан ажратилган ерларни бошқа бировга ноқонуний сотишга ҳаракат қилишмоқда.

Қибрайлик тадбиркорнинг боғдорчилик ва чорва молларига яйлов учун ер ажратилишини сўраб, ўзи яшаётган туман ҳамда Тошкент вилоятининг бошқа туманлари хокимликларига қилган мурожаатлари кутилган натижани бермайди.

Шунда унинг муаммосидан хабар топган Тошкент вилоятида фаолият юритувчи чорвачиликка ихтисослашган «Asiyan Milk Best» масъулияти чекланган жамият раҳбари “Т.Қ.” ушбу жамиятга тегишли Қуйичирчиқ туманидаги 360 гектар суғориладиган ерни ва ҳозирда норасмий фойдаланиб келаётган туман заҳирасидаги 100 гектар ерни унинг номига ўтказиб беришини айтиб, эвазига 3 млн 700 минг АҚШ доллари сўрайди. Шунингдек, бу ишларни расмийлаштириб бериш учун Қуйичирчиқ тумани хокимлигидаги мансабдор шахсга беришини айтиб, яна 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Т.Қ.” тадбиркордан жами 3 млн 720 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...