Жек Ма оммага кўриниш берганидан сўнг унинг бойлиги 1,4 млрд долларга ошди

0

Alibaba асосчиси Жек Манинг бойлиги миқдори 1,4 млрд долларга кўпайди ва эндиликда Forbes Real-Time маълумотларига кўра, 62 млрд доллар деб баҳоланмоқда.

Аввалроқ миллиардер октябр ойидан буён илк марта омма олдида кўриниш берганди. Интернетда жойлаштирилган видеода Ма хитойлик ўқитувчиларни ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашга чақирган. Жек Ма хайрия фонди вакилининг аниқлик киритишича, бизнесмен Хитой қишлоқларидаги ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасидаги «онлайн-маросим»да иштирок этган.

Bloomberg агентлигининг қайд этишича, Манинг видеоконференциядаги қисқагина чиқиши инвесторларнинг «енгил нафас олиши учун етарли бўлди»: Alibaba Group’нинг бозор қиймати 58 млрд долларга ошди.

Жек Мани охирги марта 24 октябрда кўришганди. У ўша куни Шанҳайдаги конференцияда халқаро молиявий регуляторлар қоидалари эскирганини айтган ва Хитой банкларини танқид қилиб, улар «ломбардча менталитет»га эгалигини билдирганди. Бу унга қимматга тушди. 5 ноябр куни назорат пакети Мага тегишли бўлган Ant Group Шанҳай ва Ҳонгконг биржаларида IPO’ни амалга ошириши керак эди.

Бироқ биржага чиқишдан икки кун олдин Ant Group IPO’си қолдирилди. Хабарларга кўра, бу борадаги қарорни шахсан ХХР ҳукумати раиси Си Цзинпин қабул қилган.

Декабрда Хитой регуляторлари Ant Group’ни шаффоф рақобат принципларини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишда айблади. 24 декабрда эса Alibaba устидан текширув бошлангани маълум қилинди.

loading...