Мўғулистон бош вазири ва ҳукумати кўзи ёриган аёл юпун ҳолда шифохонага етказилгани сабабли истеъфога чиқди

0

Мўғулистон парламенти кўпчилик овоз билан бош вазир Ухнаагийн Хурэлсух ва унинг ҳукуматининг истеъфосини қабул қилди. Бунга кўзи ёриган аёлнинг совуқ ҳавода юпун ҳолатда туғуруқхонадан бошқа шифохонага етказилгани сабаб бўлган.

Парламент депутатларидан бирининг таъкидлашича, бош вазирнинг ўз ихтиёрига кўра истеъфога чиқиши мамлакат тарихида жорий конституция қабул қилинган 1992 йилдан бери илк бор юз берди. Маълум қилинишича, истеъфога кетган ҳукумат 2020 йил июлидагина шакллантирилган эди. Ҳукмрон партия бош вазир лавозимига номзодни 22 январда эълон қилади.

20 январда бош вазир дастлаб ҳукуматни истеъфога жўнатишни таклиф қилган, сўнгра ўзи ҳам ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини билдирган. Бунга эса кўзи ёриган аёлнинг коронавирусга чалинганлар шифохонасига юпун ҳолатда кўчирилгани ортида чиққан можаро сабаб бўлган.

19 январда ижтимоий тармоқларда эндигина кўзи ёриган аёл ва унинг боласи юқумли касалликлар миллий тадқиқот марказига устки кийим ва пойабзалсиз ҳамда ҳимоя воситаларисиз кўчирилгани тасвирланган видео тарқалган. Аёл марказга унда коронавирус аниқлангани сабабли кўчирилган.

20 январда пойтахт Улан-Баторда ушбу ҳолат юзасидан норозилик акцияси бўлиб ўтган. Ўша куниёқ соғлиқни сақлаш вазири Тогтмолин Мунхсайхан, бош вазир ўринбосари ва коронавирусга қарши кураш бўйича давлат комиссияси раҳбари Янгугийн Содбаатар истеъфога чиқишга ариза берган.

Бош вазирнинг фикрича, норозилик намойишларини ташкиллаштиришда президент Халтмаагийн Баттулга ҳам иштирок этган. Истеъфосини эълон қилган Хурэлсуха бошқа сиёсат билан шуғулланмоқчи эмаслигини айтган.

loading...