Фуқародан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган ҳокимият ходимларига жиноят иши қўзғатилди

0

Ургут тумани ҳокими ўринбосари котибияти ходими Н.Ш. ва унинг шериги Н.И.лар пора олганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Фуқаро И.С. ДХХ Самарқанд вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Унда Ургут тумани ҳокимлиги Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти ходими Н.Ш. ва унинг шериги Н.И.лар Ургут тумани эркин иқтисодий зонаси ҳудудида мавжуд захира ер майдонидан 1 гектар ер майдони ажратиб бериши эвазига ундан 30 минг АҚШ доллари миқдорида пулларни беришини талаб қилишганини билдирган.

Н.Ш. Ургут тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида ўзига тегишли «Lacetti» да шериги Н.И. билан И.С.дан келишилган пулларнинг 15 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Маълум қилинишига кўра, автомашина «бардачоги»дан 10 минг АҚШ доллари ва Н.И. чўнтагидан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пуллар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Фуқаро Н.Ш. ва Н.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Gazeta.uz

loading...