Коронавирусга чалинганларнинг бошқа одамлар олдида гапириши ҳам касаллик тарқалишига олиб келади

0

Кембриж университети олимлари томонидан олиб борилган янги тадқиқот натижаларига кўра, коронавирусга чалинган беморларнинг соғлом одамлар олдида гапириши ҳам касаллик тарқалишига олиб келади.

Бундан олдин CОVID-19 беморларининг йўталиши хавфли эканлиги аниқланганди. Кембриж олимлари коронавирус беморларининг гапириши уларнинг йўталиши каби вирус тарқалишига олиб келишини айтишмоқда.

Коронавирус одамдан одамга бир неча усуллар билан юқади. Аммо, ушбу вирус энг кўп тарқаладиган ҳолат касал одам гапирганда, йўталганда ва нафас олганда ундан чиқадиган ҳаво томчиларидан ўтиши ҳисобланади.

Ушбу тадқиқот натижалари коронавируснинг нима учун бино ичида очиқ ҳаводан кўра кўпроқ тарқалишини тушунтириб берди. Касал одамдан чиқадиган каттароқ ҳаво томчилари узоқ масофага етиб бормайди ва шунинг учун катта хавф туғдирмайди.

Аммо, таркибида коронавирус бўлган кичикроқ ҳаво томчилари икки метргача учиб боради ва узоқроқ муддат сақланиб қолади. Кембриж университети олимларининг айтишича, касал одамдан майда ҳаво томчилари чиқиб, бошқа одамга етиб бориши учун бир неча сония кифоя қилади.

“Таркибида вирус бўлган майда томчилардан ҳимояланиш учун одамлар ниқоб тақишлари, масофа сақлашлари ва бинолар ичида вентиляция тизими бўлиши керак” дейди Кембриж университети мутахассиси ва ушбу тадқиқот муаллифларидан бири профессор Педро Магалҳаес де Оливеира.

Олимлар жамоасининг хулосаларига кўра, коронавирус билан касалланган одам гапираётганда ёки йўталганда у билан 2 метр масофа сақламаслик вирусни юқтиришга олиб келади.

Коронавируснинг ушбу йўл орқали тарқалиши вентиляция тизими йўқ ва деразалар ёпилиб, шамоллатилмайдиган бино ичкарисида кўпроқ юз беради. Касалланган одам 30 сония гапирганда чиқадиган вирусли томчилар хавода 1 соатгача сақланиб қолади.

loading...