Навалнийнинг тарафдорлари шанба куни ҳукуматга қарши катта намойишларни бошлашмоқчи

0

Рус ҳукуматининг ашаддий мухолифи Алексей Навалний Россияга қайтмасидан олдин ўзининг қамоққа олинишини тахмин қилган. Унинг шериклари ушбу ҳолат юз берган тақдирда Навалнийни озод қилиш учун намойишлар уюштиришни олдиндан режалаштиришган. Бу ҳақда Навалнийнинг яқин тарафдорларидан бири Леонид Волков маълум қилди.

Президент Владимир Путиннинг энг машҳур танқидчиси бўлган Алексей Навалний 17 январь куни Россияга қайтди. Шундан кейин у зудлик билан ҳибсга олинди ва айни пайтда Москвадаги қамоқхонада сақланмоқда. Унга тўртта ҳолат бўйича жиноят иши очилган.

44 ёшли Навалний ўзининг заҳарланишида Путиннинг қўли борлигини даъво қилмоқда. Аммо, Владимир Владимирович ушбу айбловни рад этиб, Навалний АҚШ томонидан амалга оширилаётган хийланинг бир қисми эканини таъкидлаган.

Навалнийнинг иттифоқчилари 23 январь шанбадан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини бошлашмоқчи. Улар рус ҳукуматидан Навалнийни озод этишни талаб қилишади.

Навалнийнинг яқин иттифоқчиси Леонид Волковнинг Reuters агентлигига берган маълумотларида айтилишича, ҳукумат мухолифатчилари намойиш уюштириш билан бирга Путин ва унинг шериклари қилган жиноятларни фош этувчи видеотасвирларни эълон қилишни ҳам режалаштиришмоқда.

Навалнийнинг жамоаси 19 январь куни ҳам Путиннинг ўзи учун қурдирган шоҳона саройи ҳақида видеони эълон қилишганди. Мазкур видео ҳозиргача интернет орқали 53 миллион марта томоша қилинган.

«Биз Кремлнинг оммавий намойишлардан қўрқишини биламиз. Агар намойишлар етарлича кучли бўлса, ҳукумат у ёки бу томонга ён босишга мажбур бўлади” дейди Волков.

Кремлга яқин бўлган икки манбанинг таъкидлашича, Навалний амалдаги ҳукумат учун таҳдидга айланмоқда. Шунинг учун уни қўллаб-қувватлаш учун норозилик намойишлари узоқ давом этса ҳам, Навалний қамоқдан чиқарилмаслиги мумкин.

tarjumon.uz

loading...