ТОМИР ТОРТИШИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИКДАН ДАРАК БЕРАДИ?

0

Тиббиётда мушаклар тонусининг ошиши оёқ тортишиши дейилади. Бу нохуш ҳолат беихтиёр юз беради ва 10-15 сония давом этади. Маълумотларга кўра, ер юзи аҳолисининг 80 фоизи оёқ томир тортишишининг у ёки бу туридан қийналади. Бу ҳолат мутлақо соғлом инсонларда ҳам кузатилади. Хўш томир тортиши бирор касалликдан дарак берадими? Бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаби ва оқибатлари қандай? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова жавоб беради.

— Томир тортишининг асосий сабаблари нима?

— Ушбу тасодифий оғриқлар мушаклар зўриқиши билан боғлиқ бўлиб, организмда минералларнинг, биринчи навбатда, калий, кальций, магний ҳамда бир қатор витаминлар етишмаслигидан бўлиши мумкин.

Мутахассислар томир тортишишини асаб зўриқиши, камҳаракатлилик, мунтазам ўтириб ишлаш, узоқ муддат тик оёқда туриш ёки сувда сузиш, организмнинг сувсизланиши ва турли хил касалликлар билан ҳам боғлашади.

— Томир тортиши инсульт ёки инфарктни келиб чиқариши мумкинми?

— Томир тортишиши, асосан, 40-50 ёшдаги инсонларда кўпроқ кузатилади. Улар танасидаги холестерин миқдорини тез-тез текширтириб туриши керак. Чунки қон томирлари деворида холестерин моддасининг кўпайиб кетиши оқибатида қон юриши бирмунча қийинлашади. Шундан кейин тез-тез қўл ва оёқ увушиши кузатилади.

Агар вақтида олди олинмаса, инсульт ёки инфаркт келиб чиқиши мумкин. Ёшларда бу ҳолат, асосан, танада қон яхши айланмаслиги сабабли юзага келади. Турли жисмоний машқлар ёрдамида бу муаммони ҳал қилиш мумкин.

Томир тортишишининг икки хил кўриниши фарқланади. Биринчиси, кескин ва қисқа фурсат давом этиб, тиббиётда клоник томир тортишиши дейилади. Иккинчиси эса бунинг акси, безовталик дабдурустдан бошлансада, спазм бир неча дақиқаларга чўзилиши мумкин. Шифокорлар бу ҳолатни томир тортишишининг тоник тури, дея таснифлайдилар.

Ҳар иккала ҳолатнинг келиб чиқиши инфекцион касалликлар, озиқ маҳсулотлари, (дори воситалари)дан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, невроз, моддалар алмашинувининг бузилиши, юрак ва қон хасталикларига боғлиқ.

— Инфекцияларнинг ҳам таъсири борми?

Аҳамият берган бўлсангиз, тана ҳарорати кўтарилганида оёқ-қўлларда енгил титроқ юзага келади. Термометр кўрсаткичлари +39 +40 С даражага етганида эса оёқ ва қўл томирларида тортишиш келиб чиқиши мумкин. Бунга касаллик қўзғатувчи микробларнинг “қўли баланд” келаётгани сабаб бўлади.

Негаки, иситма туширувчи препарат қабул қилингач, мушаклар аста бўшашади.
Шунингдек, инсон бирор воқеа-ҳодисадан қаттиқ таъсирланса, қонда адреналин миқдорининг ортиши нафас олиш маромининг тезлашишига олиб келади. Организмга кислород келиб тушиши ўзгаргач, карбонат ангидрид даражаси ҳам пасаяди ва оёқ томирида спазм келиб чиқади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

loading...