Андижонлик хаккер бухоролик аёлнинг пластик картасидаги 5 миллион пулини ўғирлаб олди

0

2020 йилнинг 31 октябрь куни номаълум шахс интернетнинг “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Омад шоу” гуруҳига аъзо бўлиб кирган Бухоро шаҳар Д.Ибодова кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган М.Ҳ. исмли аёлга ўзини гуруҳ админи сифатида таништиради. Ушбу гуруҳга одам қўшгани учун унинг номига пул ютуғи чиққанлигини, банк пластик картаси рақамини берса, 500.000 сўм ютуқ пулларини ташлаб беришини айтади. Жабрланувчи М.Ҳ.нинг номида бўлган “ТИФ Миллий банки” томонидан очилган пластик картасининг махфий пин кодини олиб, сўнгра банк пластик картасига интернет тизими орқали картада мавжуд бўлган  5.000.000  (беш миллион) сўм пулларини яширин равишда ўзининг ҳисобига ўтказиб олади.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув давомида ушбу жиноятни Андижон вилояти Избоскан тумани Чувала маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Қ. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.

Бугунги кунда Х.Қ.га нисбатан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамларини ошкор қилмасликлари, бировга расмга тушириб бермасликлари ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликлари сўралмоқда.

loading...