Португалияда президент сайловларида овоз бериш бошланди

0

Португалияда маҳаллий вақт билан 24 январь 8:00 да (Тошкент вақти билан 13:00) президент сайловларида овоз бериш бошланди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 19:00 гача ишлайди. Португалияда 9 миллиондан зиёд одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

Президент лавозимига етти киши даъвогарлик қилмоқда. Айни пайтда олий давлат лавозимини 72 ёшли Марселу Ребелу ди Соуза эгаллаб турибди, у ҳам иккинчи муддатга ўз номзодини қўйган. Шу пайтгача барча Португалия президентлари қайта сайланишга муваффақ бўлган.

Португалияда бошқарув муддати беш йилга тенг. Ғолиб чиқиш учун номзод овозларнинг 50 фоиздан ортиғини қўлга киритиши керак. Агар бундай бўлмаса, 14 февраль куни Португалияда сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Португалияда овоз бериш мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалиш суръатлари ўсаётган бир пайтда бўлиб ўтмоқда. Аҳолиси 10 миллиондан кўп бўлган республикада жами 625 мингга яқин одам коронавирусга чалинган, 10,1 мингдан зиёд бемор вафот этган.

Сайлов арафасида мамлакатда касалланиш ҳолатлари, шунингдек, вирусдан ўлим бўйича суткалик антирекорд қайд этилганди. Шу муносабат билан Португалия сайловларнинг хавфсиз ўтказилишини кафолатлашга ҳаракат қилди.

loading...