Қароқчилар Гвинея кўрфазида юк кемасига ҳужум қилиб, 15 нафар турк денгизчисини асирга олди

0

Денгиз қароқчилари Нигерия қирғоқлари яқинидаги Гвинея кўрфазида Туркиянинг юк кемасига ҳужум қилиб, экипажнинг 15 аъзосини асирга олди. Бу ҳақда Туркия денгиз флоти бошқармасига таяниб НТВ хабар қилди.

аълумотларга кўра, Мозарт юк кемаси Либерия байроғи остида Сан-Томе шаҳридан 181 километр узоқликда жойлашган Лагосдан Кейптаунга сузиб кетаётган бўлган. Кемага ҳужум қилган қароқчилар 15 нафар денгизчини гаровга олган, бир кишини ўлдирган.

Қароқчилар асирлар билан кемани тарк этган. Қолган уч денгизчи кемани хавфсиз портга олиб кетган. Ўлдирилган денгизчи Озарбайжон фуқароси, қолганлари туркиялик экани маълум қилинган.

Таъкидланишича, Туркия президенти Ражаб Эрдўғон кема командири билан икки марта алоқага чиққан. У ушбу жараённи диққат билан кузатаётганини айтиб, кеманинг ўғирланган экипажини қутқариш бўйича чоралар кўришни буюрган.

Қайд этилишича, қароқчилар кеманинг аксарият тизимларини ўчириб қўйган, экипажнинг қолган аъзолари портга йўл топиши учун фақат навигация тизимини ёниқ қолдирган. Ҳозирда кема Жентил Габон портига йўл олмоқда.

Халқаро денгиз бюроси маълумотларига кўра, Нигерия, Гвинея, Того, Бенин ва Камерун қирғоқлари яқинидаги Гвинея кўрфази қароқчилик туфайли дунёдаги энг хавфли денгиз ҳудуди ҳисобланади.

loading...