Тожикистонда барча деҳқон хўжаликлари бир йил ер солиғи тўлашдан озод қилинади

0

«Азия Плюс»нинг хабар беришича, Имомали Раҳмон мамлакат парламентига қилган мурожаатида деҳқонларни ер солиғи тўлашдан озод қилиш аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан янада яхшироқ таъминлаш ва озиқ-овқат импортини камайтиришга ёрдам беришини таъкидлаган.

Тожикистон президенти деҳқон хўжаликларининг юкини енгиллаштириш учун 2021 йилда улар ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинишини билдирган ва унинг миқдори қарийб 200 миллион сомонийни ташкил этишини айтган. (17 миллион доллардан ошиқроқ)

Имомали Раҳмон парламентга қилган мурожаатида 2021 йилда Тожикистон аҳолисини етарлича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш қийин бўлишини айтган ва аҳолини ўз томорқаларидан оқилона фойдаланишга чақирган. Шунингдек, у Тожикистон шароитида ердан бир нечта марта ҳосил олиш муҳимлигини таъкидлаган.

«Мурожаатимни жиддий қабул қилинг, менга ишонинг ва меҳнат қилинг. Ҳеч кимга ишонманг. Бу йил аҳолини етарлича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш қийин бўлади. Шунинг учун ҳукумат ва барча идоралар шу йўналишда ишлаши керак. Биз одамларга ёрдам беришимиз зарур», деган президент.

Имомали Раҳмон қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётганларни янада ғайрат билан ишлашга, бозорларни мева ва сабзавотлар, чорвачилик маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланишга чақирган.

«Мамлакатлар яна ўз чегараларини ёпмоқда. Агар озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт ва импорти тўхтаб қолса, у ҳолда биз муаммоларга дуч келишимиз мумкин», деган Тожикистон раҳбари.

loading...