Наманган шаҳрида фуқародан 700 АҚШ доллари пора олган маҳалла раиси ушланди

0

Доно халқимизда “Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга солодур”, деб бежиз айтилмаган. Одамзод ўз нафсига қул бўлса, мисқоллаб йиққан обрў-эътиборига путур етади. Эл-улус олдида юзи шувут бўлади. Айниқса, бундай салбий ҳолат минглаб кишилар орасидан бошқаришга муносиб кўрилган маҳалла оқсоқоли иштирокида юз берса, ғоят анчинарлидир.

Наманган шаҳрининг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам нафсининг қутқусига юриб қабиҳ ишга қўл урди. Раис ўз хизмат хонасида фуқародан 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган пайтда ушланди.

Жорий йилнинг 18 январь куни вилоят ички ишлар бошқармасига Наманган шаҳрида яшовчи фуқародан ариза келиб тушди. Мурожаатда баён этилишича, у 16 январь куни савдо дўкони қуриб, тадбиркорлик қилиш учун ер майдони бор ёки йўқлигини билиш мақсадида маҳалла раиси ҳузурига борган. Маҳалла оқсоқоли котиби билан биргаликда маҳалла ҳудудидаги автобус бекати ва дўкон қуришга мўлжалланган ер майдонини кўрсатиб, шу ерга дўкон қуриши мумкинлигини, далолатнома ёзиб беришларини айтган. Бироқ бунинг эвазига ундан 700 АҚШ доллари талаб қилганлигини қайд этиб, ушбу раисга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан шу куни вилоят ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан холис гувоҳлар иштирокида тезкор тадбир ўтказилиб, маҳалла раиси ўз хизмат хонасида пора олаётганда қўлга олинган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

loading...