Қизиб турган печларда тириклайин ёқилган болалар…

0

Бугун Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни нишонланади.

1945 йилнинг 27 январида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари бўлмиш собиқ совет қўшинлари нацистлар томонидан асос солинган Освенцим ўлим лагерини озод қилган эди. Ҳар йили бутун дунёда 27 январь куни Халқаро Холокостни хотирлаш куни сифатида нишонланади.

Холокост сўзининг асал маъноси – “куйдирилган“, “олов орқали йўқ қилиш“, “қурбонлик“ деган маъноларни англатади.

Маълумотларга кўра, Польшада нацистлар томонидан барпо қилинган энг йирик Освенцим-Биркенау ўлим лагерида 1,5 миллиондан 4 миллионгача одам ўлдирилган. Уларнинг асосий қисми ёндирилган. Aтиги етти минг киши тирик қолган. Бироқ Освенцимда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Чунки кўплаб ҳужжатлар йўқ қилинган, фашистларнинг ўзи газ камерасига жўнатиладиганларнинг аниқ сонини ҳисобга олишмаган.

1942 йилдан Освенцим лагери нацистларнинг яҳудийларни қириш режасининг бир қисмига айланган. Фашистлар қарийб 6 миллион яҳудийни ўлдирган, шундан бир ярим миллиони болалар, бу ўша пайтдаги дунёдаги яҳудийларнинг умумий сонининг учдан бирига тенг эди. Фашистлар томонидан нафақат нафақат яҳудийлар, балки Европа лўлилари, совет асирлари ва бошқалар ҳам ўлдирилган. Бу кураш орқали умуман бутун халқни йўқ қилишга уринишган.

Тутқунларни мунтазам хўрлик ва қийноқларга тутганлар. Маҳкумларга маҳсус тамға, татуировкалар урилган. Қириш учун юборилган яҳудийлар махсус танлов жараёнидан ўтказилган. Ёш болалар, кексалар ва хасталар газ камераларида ёқилган. Тирик қолганлар эса қул қилиб ишлатилган. Маҳкумлар очликка юз тутганлар, қийноқларга солинган, уларнинг танасида тиббий экспериментлар ўтказилган. Қочмоқчи бўлганлар ёки исён кўтарганлар қатл этилган.

Ўлим лагерларда минглаб турли ёшдаги болалар ҳам ўқ ёмғирлар остида қолган. Меҳнат колонияларида, қоронғу вайроналарда, қишнинг аёзли кунларида ярим оч, ярим яланғоч бир бурда нон орзуси билан очликка дош бериши қийин бўлиб аранг митти жонларини сақлашган. Одам бошига кунига 125 грамм суви силқиллаган қоп-қора тахир ноннинг бурдасига ҳам одамлар хурсанд бўлишган.

Шарқий ва Марказий Европа ва собиқ Иттифоқнинг ишғол қилинган шаҳарларида немислар яҳудий аҳолисини махсус белгиланган жойларга ҳайдаб чиқаришган. Уларнинг аксарияти деворлар билан ўралган ва одамлар у ерда бутун дунёдан бутунлай ажратилган ҳолда яшашган. Бошқа геттолар аҳолиси шаҳарга ишлашга бориш имкониятига эга эдилар. Энг машҳури Варшава геттоси эди, у ерда 400 минг яҳудий, нафақат энг каттаси бўлгани учун, балки 1943 йил баҳорида унинг маҳбуслари қўзғолон кўтарганлари учун ҳам шафқатсизларча ўлдирилилган эди.

Мана, орадан шунча йил ўтибдики, урушнинг оғриқли хотиралари асло унутилмайди. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида геноцид қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликлар ва музейлар мавжуд ва ҳар йили 27 январь куни хотира тадбирлари ва акциялари ўтказилади. Халқаро миқёсда Бутунжаҳон Холокост форуми ҳам ўтказилади. Холокост қурбонларини, қўшинлари нацизмни мағлубиятга учратган кучларни ва бошқа одамларни қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган жасур қалблар шарафланади.

Бугун “Освенцим” лагерини кўргани дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюриб, ўз кўзлари билан баракларни, газдан заҳарланган одамларнинг жасадлари ёқилган печкаларни, очлик билан қийноққа солинган маҳбусларнинг фотосуратларини кўриб кетишади. Бу ерга келган одам дахшатли Освенцимни ҳеч қачон унутмайди.

Бизнинг эндиликда ўтмиш ва келажак олдидаги масъулиятимиз – ўша даҳшатли фожиалар такрорланишига йўл қўймаслик учун барча чораларни қўллашимиз керак. Биз нафрат ва камситиш мафкураларига кўз юммаслигимиз керак.

Zamon.uz

loading...