Сенатор Дилором Тошмуҳамедова: «Тошкент вилоятида сўнгги икки йилда вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиши икки баробарга кўпайган»

0

Охирги икки йилда Тошкент вилоятида вояга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиш ҳолатлари икки баробарга кўпайган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

«Ёшларимизнинг, айниқса, ўспиринларимизнинг ўзининг саломатлиги тўғрисида билими етарли эмаслиги муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бунинг натижасида бир нечта салбий ҳолатлар учрамоқда. Мисол учун, Тошкент вилоятида эрта туғиш кўрсаткичи ўсиб бораётганлиги, баъзи бир вилоятларда ўсмир қизлар орасида абортнинг кўпаяётгани жуда аянчли ҳолат», – деди Дилором Тошмуҳамедова.

Сенаторнинг айтишича, биргина Самарқанд вилоятида вояга етмаган қизлар ўртасида сунъий аборт қилдириш сони 72 тагача кўтарилган. Тошкент вилоятида эса 2019 йилда 15-16 ёш оралиғидаги қизларда эрта туғиш ҳолати икки баробарга кўпайган.

Шунингдек, республика бўйича оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи камаяётган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятининг айрим туманларда бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Буларнинг аксарияти эрта турмуш қурган қизларнинг ҳомиладорлик ва бола парвариши бўйича билими етарли даражада эмаслиги аниқланган.

«Ёшларимизнинг ривожланишида иккита асосий йўналишга: таълим тарбия ва уларнинг соғлиғи, саломатлигига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Эртанги кунимиз – генофондимизнинг келажаги ҳақида ўйлар эканмиз, ҳозирги йигит-қизларимизнинг соғлиғи тўғрисида қайғуришимиз керак. Уларга мактаб давридаёқ соғлиқни асраш бўйича керакли билим ва маслаҳатлар беришимиз лозим», – деди сенатор.

Таъкидланишича, шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Халқ таълими вазирлиги ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда ва кейинги ўқув йилларидан босқичма-босқич жорий қилинади.

loading...