Шайхонтоҳурда қалбаки 50 минг сўмлик купюраларни ишлаб чиқариш билан шуғулланган хонадон фаолияти фош этилди

0

Тошкент шаҳрида қалбаки 50 минг сўмлик купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Шайхонтоҳур туман бўлими ҳамда ДХХ томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Ўтказилган тезкор тадбирда Б.А. ва Ш.К. исмли шахслар ўзларининг ёнида бўлган жами 27 дона қалбаки 50 минг сўмлик купюраларнинг 20 донасини фуқаро А.га 300 минг сўмга ўтказаётганда ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, тадбирда фуқаролар қалбаки пулларни шериги Е.Р.нинг хонадонида ясагани аниқланиб, ушбу хонадондан 50 минг сўмлик қалбаки купюра, рангли принтер, ноутбук ва бошқа товарлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

loading...