​​Бензин қимматлашса, Ойпошша холанинг носи ҳам ошади

0

Ҳамма тинимсиз гапиради: бақирган, сўкинган, ўкирганлар ҳам бор. Бироқ жамият диапазонлари шундай созланганки, овозлар, ҳайқириқлар ажойиб акустика таъсирида «сўрилиб», какафония — маънисиз товушларнигина бизга қайтараётир.

Гапирилади, талаб қилинади, ёлвориб сўралади, бироқ эътибор «ноль». Ҳамма, айниқса, мулозимлар барча муаммоларни билади, лекин кўпинча тескари иш қилинади… Нега шундай?

Мана, биттаси — февралдан бензин нархи яна оширилиши! Ўзи 30 йилдан буён ойлик ошса, одамлар қўрқадиган бўлиб қолган. Маош ва нафақаларнинг ошиши ҳақидаги хабарлар мудом хосиятсиз характерга эгалигича қолаётир.

Минг афсуски, менталитет нуқтаи назаридан бензин қимматлаши бизда барча соҳага, ҳатто Ойпошша холанинг носига ҳам таъсир қилади. Бошқа нарсани гапирмасаям бўлади. Хўш, мулозимлар нега нарх оширишга “бошқоронғу” бўлишган (дунё биржаларида нефт нархи тушганда ҳам, бизда тушмаган ҳолатларниям кўрдик)?

Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биттаси тахминан бундай: нефт-газ саноатида ўтирган валломатларнинг кўпчилиги соҳасига кўра молиячи (Меҳриддин Абдуллаев жаноблари ҳам!). Шундай экан, улар ҳисоб-китобни яхши билишади.

Бундан ташқари, бюджетга каттароқ тушум тушириш раҳбарнинг олдида “очко” оберишини ҳам яхши билишади. Шу маънода, халқнинг чўнтагини охиригача сиқиб бўлса-да, бўшаб ётган бюджетни тўлдириш улар учун биринчи вазифа.

Моҳиятан қараганда, бу ҳаракатлар тўғрига ҳам ўхшайди. Нега десангиз, уларни халқ бу лавозимга тайинламаган, хатоси учун ишдан олиб ташлаш ёки жазолаш ҳам халқнинг қўлидан келмайди. Шундай бўлгандан кейин улар, албатта, “фойда берадиган” ишлар билан шуғулланишади-да.

Халқ, ватан, миллат деган сўзлар эса маънавият ва маърифат марказининг турли дастурларини пафосга тўлдириш учун ишлатиладиган, бундай доиралар учун эса маргиналлашган бир тушунчадир.

@platformauzb

loading...