Ёлғон ахборот ва ахлоқсизлик учун муносиб жазо берилиши шарт

0

Қадимдан бизга етиб келган «Бир болага етти қўшни ота-она», деган мақолга нега кейинги пайтда амал қилмай қўйдик? Чунки ҳаммамиз ҳам бировнинг боласига дакки беришдан ўзимизни тиядиган бўлиб қолдик. Ҳатто бировнинг боласи кўчада номаъқул иш қилиб турган бўлса-да, танбеҳ беришдан қўрқадиган даражага келдик. Негаки, собиқ иттифоқ даврида миллий маънавиятимизга жиддий путур етказилди. Оқибатда маҳалла тизимининг аҳамияти йўқолиб, кексаларнинг насиҳатига беписандлик шаклланди. Бугунга келиб бу ҳолатлар ижтимоий тармоқлар, мобиль алоқа воситалари орқали тарқалаётган номуносиб ахборот эвазига жамиятга янада катта хавф туғдиряпти.

2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни жамиятда маънавий муҳитнинг яхшиланишига хизмат қилади. Чунки кейинги пайтда интернет тармоғидан фойдаланувчи айрим фуқаролар жамоат тартибини бузадиган, юртдошларимиз фикрини турли нолойиқ усуллар орқали қизиқтиришга қаратилган расмлар, карикатура, ёлғон маълумотлар, давлат тузумига ишончсизлик уйғотувчи чақириқларни ҳавола қилаётган эди. Бунинг ортидан эса мамлакатимиз тинчлиги, Ўзбекистон аҳолисининг маънавий тарбиясига, жамоавий фикрига салбий таъсирини ўтказиш хавфи туғилаётганди.

Истиқлол туфайли собиқ иттифоқ даврида деярли таназзулга юз тутган миллий маънавиятимиз тикланмоқда. Лекин шу жараёнда ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган уяли алоқа воситалари кўпчиликнинг кундалик турмуш тарзига кириб борди. Масалан, смартфонларсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 130-моддасига биринчи қисмининг диспозицияси сифатида ўзгартириш киритилди. Яъни маънавиятимизга зид келадиган ҳар қандай ахборот бизга ва келажагимизга таҳдид уйғотади. Инсон ахлоқига, маънавиятига жиддий зарар етказадиган маҳсулотлар ёшларнинг, айниқса, вояга етмаган болаларнинг дунёқарашига салбий таъсир қилади.

Ушбу кодекснинг 130-1-модда биринчи қисмининг диспозициясига ҳам ўзгартиш киритилиб, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Кейинги пайтда ёшлар ўртасида ўз кучини кўрсатиб қўйиш ёки бу жараёнда ўткир тиғли асбоблардан фойдаланишга ҳаракат қилиш ҳолатлари юз бермоқда. Айнан шундай вазиятлар вужудга келишига интернет тармоғидаги турли тарғиботлар сабаб бўлаётганлиги ҳам бор гап. Ғоявий жиҳатдан ночор бўлган инсонларнинг эҳтиёжини қондириш зарур ва маънавият бу борада жуда яхши озуқа саналади. Маънавият йўқчилик пайтида гўзал сабр қилишни, нафсни тийиш ва енгишни, хуллас, барча иллатларга қарши тура олишни ўргатади. Маънавиятни чин маънода, борлиғича ҳис қила олмайдиган, англаб етмаганларгина инкор этади, аҳамиятсиз, деб қарайди.

Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳам «Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш…» билан боғлиқ жиноятлар учун «… воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», деб белгиланди. Аслида, маънавиятимизга қилинган хуруж учун бунданда каттароқ жарималар белгиланиши жоиз, деб ўйлаймиз. Шунингдек, ёлғон ахборот ҳам жамият ривожига салбий таъсир кўрсатади. Ёлғон ахборотни эшитган одамлар чалғиб, ваҳимага тушиб қолади. Албатта, бунинг учун жазо чоралари кучайтирилганлигидан юртдошларимиз хабардор бўлиши шарт. Бу қонун талабларига ҳаммамиз, жумладан, ёшлар ҳам риоя қилиши мажбурий саналади.

Т. А. КАСИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди судьяси

loading...