Бизнес ва иқтисод, халқаро таълим ва IELTS ҳамда туризм ва менежмент соҳасига бефарқ бўлмаган шижоатли ёшларни “Young Businessmen and Economists” Халқаро онлайн форумига такллиф этамиз. Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, шунингдек, чет эл фуқаролари ҳам рўйхатдан ўтиш йўли орқали иштирок этиши мумкин. Форум 2021 йил 7-10 февраль кунлари Zoom платформаси орқали онлайн тарзда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика ёш олимлар Кенгаши, Westminster ва ISMA халқаро университетлари, “Тараққиёт” Волонтёрлик Бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган форум доирасида 4 та йўналишда онлайн мулоқотлар ҳам бўлиб ўтади. Дастлабки йўналиш ёш бизнесменлар мавзусида, 2-йўналиш рақамли иқтисодиёт бўйича ташкил этилади. 3-йўналиш инглиз тилида бўлиб, унда Халқаро таълим ва ИЭЛТС бўйича фикр-мулоҳазалар юритилади. Сўнгги йўналиш эса туризм ва менежмент мавзусига багъишланган бўлиб, мулоқот рус тилида олиб борилади. Ҳар бир йўналишга 50 нафардан иштирокчи қамраб олинади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад — ёшлар тадбиркорлигини кенгайтиш ва уларни рақамли иқтисодиёт билан яқинроқ таништириш, шунигдек, билимга чанқоқ ёшларга чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиши учун Ўзбекистонда яратиб берилаётган имтиёз ва грантлар, IELTS олиш тартиби бўйича маълумот бериш. Бундан ташқари, туризм ва менежмент йўналишига қизиқувчи ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишдан иборат.
Форумда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар электрон рўйхатдан ўтиш йўли билан ташкилий қўмитанинг ишчи органига ариза топширади. Аризалар лойиҳанинг ташкилий қўмитаси томонидан ўрганилиб чиқилади, иштирокчи тўлов бадалини тўлаганидан сўнг иштирокчига рўйхатдан ўтганлик тўғрисида маълумот ва “расмий иштирокчи” мақоми берилади.
Аризалар ва барча мурожаатлар 2021 йил 6 февралга қадар қабул қилинади. Лойиҳага белгиланган муддатдан сўнг топширилган аризалар кўриб чиқилмайди. Лойиҳада иштирок этиш тўлови 20 минг сўм бўлиб, иштирок этиш истагидагилар «Телеграм» мессенжеридаги профили орқали ариза топшириш йўли билан рўйхатдан ўтишлари мумкин. Лойиҳа орқали йиғилган маблағ Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган 12-сонли Меҳрибонлик уйига ўтказилиб берилади.
Рўйхатдан ўтиш манзили: @YBEF_Registration.