АҚШ Германиядан қўшинларини олиб чиқишни тўхтатди

0

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти АҚШнинг Германиядаги қўшинларининг катта қисмини олиб чиқиш ҳақидаги қарорнинг ижросини тўхтатди. Аввалги президент Дональд Трамп Германиядан 9,5 минг америкалик ҳарбийнинг олиб чиқилишини маъқуллаганди.

АҚШнинг Европадаги қўмондонлиги бошлиғи Тод Уолтерснинг маълум қилишича, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Трампнинг қарорини таҳлил қилмоқда.

“Пировард натижада мудофаа вазири президент билан бирга қарор қабул қилади”, деб айтган Уолтерс. Унинг таъкидлашича, АҚШ мудофаа вазири қўшинлар олиб чиқилиши ҳақидаги қарорни синчковлик билан ўрганмоқда.

Дональд Трамп Берлин НАТОга тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли Германиядаги қўшинлар сонини 34,5 мингдан 25 минггача камайтиришга ваъда берганди. Ўшанда Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О’Брайен Германия учта шартни бажарса, яъни “Шимолий оқим-2” газ қувурининг қурилишини тўхтатса, 5G хизматлари провайдери сифатида Хитойнинг Huawei компаниясини танламаса ва ўз мудофаасини мустаҳкамлаш бўйича режанинг амалга оширилишини тезлаштирса, АҚШ ўз қўшинларининг олиб чиқилиши бўйича режаларини ўзгартириши мумкинлигини айтган.

kommersant.ru

loading...