«Миллиардга тенг мулкинг бўлса ҳам, отангни пулингга топа олмайсан!..»

0

«Шоир болам, ўртоғингга айт, мен билан ҳам гаплашиб турсин, ҳар куни саҳардан «мен пул топаяпман …» деб чиқиб кетади. Дийдорига, меҳрига зорман…»

(Ота ҳасратидан)

У тирик меҳмонинг, ғанимат одам,

Нега тўйиб-тўйиб ўпиб олмайсан?

Дўстим, миллиардга тенг мулкинг бўлса ҳам,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Хизматида югур, ҳансираб, толиб,

Товонин қиртишла, тирноғин олиб,

Опичла, оёғин бўйнингга солиб,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Сийрак сочларини сийпалаб қўйгин,

Қалин қошларини қайчилаб қўйгин,

Юзларини силаб, эркалаб қўйгин,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Бир пайтлар етаклаб, қилган йўргагинг,

Бугун қариб қолган, муштдек гўдагинг,

Ишонгин, борлиги пўлат тиргагинг,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Пул нима? Бир уюм қағоз парчаси,

Падаринг – жаннатнинг туйнук-дарчаси,

Боғингнинг сарғаймас, яшил арчаси…

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Меҳрингга зориқиб, чирқираб турган,

Соқоли кумушдай ярқираб турган,

Деворга суяниб, қалтираб турган,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Дилингдан шайтоннинг ғурурини қув,

Оппоқ яктагини кўз ёшингда юв,

Аҳ, нодон, ғанимат – меҳмонингдир у,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Супургиси бўлгин йўлакларини,

Қулдайин бажар ҳар тилакларини,

Артиб қўй муборак сўлакларини,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Қадоқ кафтларида умрин йўли бор,

Машаққатда ризқин топгандир ҳалол,

Сени боқаман деб, чеккан минг озор…

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Шу инсон бўлмаса, сен ҳам бўлмасдинг,

Бу ёруғ оламни келиб кўрмасдинг,

Осмонга етса ҳам ўсиб бўй-бастинг,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

Тиригида жилмай, ҳузурида қол,

Йўқотиб Муроджон изларига зор…

Белларин уқалаб, дуосини ол,

Отангни пулингга топа олмайсан!..

 

                         Қизил тоғ шоири

                         Муроджон Жўраев

loading...