Ростдан ҳам исландиялик аёлга уйланган муҳожирга ойига 5000 доллар пул бериладими?

0

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда бир хабар такрор яна “машҳур” бўлишни бошлади. Аввало, айтиб ўтиш керакки, бу хабар бундан 5 йил олдин яъни 2016 йил пайдо бўлган. Хўш, бу қандай “янгилик”?

Кеча Facebook’да катта муҳокама бўлаётган сурат яна тарқалди. Суратга рус тилида шундай ёзилган: Исландияда эркаклар етишмаслиги сабабли шу ўлка аёлларига уйланадиган ҳар бир муҳожир эркакка ойига 5000 доллар тўланади.

Балки, сиз аввал ҳам Исландиядан “келин” топиб ва у билан бирга турмуш қуришга тайёр бўлган ҳар қандай эркак ҳукуматдан ойига 5000 доллар олишини эшитгандирсиз ёки ўқигандирсиз? Ижтимоий тармоқларда Исландия ҳукумати айнан шундай “грант” ажратгани ҳақида ҳам баъзи “манба”лар мавжуд.

Хўш, шу гаплар ростми ўзи? Ростдан ҳам Исландиялик аёлга уйланган муҳожирга ойига 5000 доллар пул бериладими?

Hordiq.uz интернет нашри ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган бу хабар қай даражада ишончли ёки сохта эканлигини текшириб кўрди. Маълумотларни таҳлил қилиш чоғида шундай хулосага келинди:

Биринчидан, бу хабар сохта-фейк. Сабаби Исландияда тарқалган “хабар”ларда айтилганидек аёлларнинг сони эркакларнинг сонидан кўп эмас. Аксинча! Охирги маълумотларга кўра, айни вақтда Исландия аҳолиси 342 789 нафарни ташкил этади. Шулардан 172,679 нафари эркаклар (50,4%), 170110 нафари аёлларни (49,6%) ташкил этади. Демак, Исландияда аёлларнинг эмас, балки эркакларнинг миқдори кўп экан. Бу эса юқоридаги “грант” ҳақидаги хабар ёлғон эканлигини биринчи исботи. Иккинчидан, Исландия ҳукумати ҳам “Муҳожир эрлар” учун ҳеч қандай “грант” ажратмаган. Бундай “грант” ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот ҳам йўқ.

Ушбу маълумотлар интернетда шу қадар кенг тарқалиб кетдики, жуда кўпчилик бу хабарга ишонди. Ҳатто, интернет сайтлари орқали исландиялик қизлар “Муҳожир эр” қидираётгани, ёки эркаклар исландиялик “хотин” қидираётгани ҳақида турли скреншотлар, хабарлар тарқалди. Буларнинг ҳаммаси фирибгарликнинг бир тури ва бу фирибгарлик қўрбонига айланиб қолаётган “эр”лар ҳам учраб қолмоқда. Хусусан, ўзини исландиялик дея таништирган бир ҳурлиқо (одатда чиройли қизларнинг расмларига шунақа хабарлар жойланади) бўлажак “эри” билан танишиб қолади. Улар турмуш қурмоқчи бўлади. “Муҳожир эр” Исландияга бориш учун кредит картаси бўлиши, бу картада камида 15 000 доллар бўлиши кераклигини “исланд хотинчаси” маълум қилади. Табиийки ойига 5000 долларлик пул кўзини кўр қилган йигит кредит карта очади ва унга 15000 доллар пул ташлайди. Картадаги махфий маълумотларни бўлажак “исланд хотинчаси”га юборади ва шу билан йигит бўлажак “хотинини” қайта кўрмайди. Алданади. 15000 доллар шу вақтнинг ўзида ечиб олинади. Интернетдаги ёлғон хабарга ишонган йигит на хотинга эга бўлади, на ойига 5000 долларга, на картадаги 15000 долларга эга бўлади. Барчаси ҳавога совурилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Исландия ҳукумати Исландиядан турмуш қуришни истаган чет элликларга жинсидан қатъий назар ҳеч қачон грант бермаган. Шундай қилиб, Исландиялик аёл билан никоҳ учун ҳеч ким пул тўламайди.

 

loading...