Ҳамёнбоп ва катта экран. iPhone SE 3 модели 2022 йилда тақдим этилади

0

2020 йилда Apple компанияси iPhone 8 дизайнини такрорловчи, бироқ янгиланган процессор ва яхшиланган камерага эга янги iPhone SE’ни тақдим этганди. Афтидан, компания бу каби усулни иккинчи бор такрорлаш ниятида эмас, шу сабабли iPhone SE 3 мутлақо янгича дизайнга эга бўлади, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.

 

JPMorgan Chase таҳлилчиларининг ҳисоботида қайд этилишича, янги iPhone SE 2022 йилда тақдим этилади ва анча замонавий, ингичка ҳошияларга эга бўлади. Шу билан бирга, унинг экрани олдинги авлодга тегишли — iPhone 11’даги каби 6,1 дюймли IPS-матрица. Бироқ Face ID юз сканери ўрнига унинг ён томонига бармоқ изи сканери ўрнатилади. Шунингдек, у оддий ва кенг бурчакли объективга эга иккиталик камерага эга бўлади — иккиси ҳам 12 мегапикселли.

 

Бироқ Apple процессор борасида ҳеч нарсани тежаб қолмайди — iPhone SE худди янги iPhone 12’лардаги каби А14 чипига эга бўлади. Ягона жиҳати, компания 5G модемга эга қиммат флагманлардан фарқли ўлароқ, кичикроқ тезкор хотира ўрнатади.

 

Учинчи авлод iPhone SE’ларнинг нархи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Олдинги моделлар билан таққосланадиган бўлса, унинг нархи 400 доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.

loading...