ТАНЛАНГ: ОНАНГИЗ ЁКИ МЕН!

0

У ўзининг тўртинчи қаватдаги уч хоналик квартирасига кўтариларкан, ичкаридан хотинининг бақираётгани подъездгача эшитиларди. Уйига кириши билан аёли бутун важоҳатини сочиб солди: бир уйда иккита аёл киши яшай олмаганидек, мен ҳам сизнинг онангиз билан бир квартирада бўлишни истамайман! Қачон қарамай, бечора ёлғизгина қизимга дакки берганлари берган. У ҳали ёш бўлса, эндигина 16 ёш. Қизим у ишни қилса – нотўғри, бу юмушни бажарса хато, овқатнинг тузи пастроқ бўлибди, ювилган кирлар дорга чиройли осилмабди… Хуллас, онангиз атайин асабимга тегаяптилар, билиб турибман, менинг кетишимни истаяптилар! Мен бунга бошқа чидаб туролмайман! Танланг: онангиз ёки мен!…

Унинг боши қотди. Онасини танласа оиласидан айрилади, оиласини танласа онасидан… Хотинидек шаллақилар дунёда иккита бўлса бири уники, агар битта бўлса у ҳам албатта бунинг хотинидир. Ўғил нуфузли ишхонада раҳбар бўлиб ишлайди. Хотини ҳамиша ишхонасигача тўпалон қилиб бориш билан қўрқитади, лекин ҳақиқатдан ҳам боришдан ҳам тоймайдиган хилидан. Ахир бежизга “Шармандага шаҳар кенг” деб айтишмаганку?! Шуларни ўйлаб ўғил кечаси билан ухлай олмай, эрталабга яқин бир қарорга келиб, онасининг олдига кирди…

“Ойи, биласиз, хотиним алвастининг ўзгинаси. Сизнинг юрагингизни сиққани сиққан. Нима қиласиз унинг совуқ турқини ҳар куни кўриб? Яхшиси, мен сизни “Қариялар уйи”га олиб бораман. Ўзингизнинг тенгдошларингиз билан бирга яшайсиз. Мен ҳам тез-тез сиздан хабар олиб тураман…”

У онасининг юзига қарай олмади. Она эса ҳаммасини тушунди ва индамай кийимларини жомадонга жойлай бошлади…
Бўлаётган воқеаларга табиатнинг ҳам қаҳри келиб, эрталабдан совуқ шамол изиллади, бир зумда осмонни қора булутлар қоплаб, атроф зим-зиё тус олди. Она осмонга бир қаради-да: “Ёмғир ёғса боламнинг усти ҳўл бўладику”, – дея ўғлининг капюшонли курткасини ҳам жомадонга солди…

Шўрлик ўғил онанинг жомадонини мошинанинг багажнигига жойлади, она орқа ўриндиққа ўтирди ва “янги манзил” томон йўл олишди…

У “Қариялар уйи”дан алоҳида бир хоналик жойни гаплашди ва онасини жойлаштирди. Хайрлашиб, ташқарига чиқиб кетди. Бирдан кучли ёмғир қуйиб юборди. Шунда она: “Боламнинг курткаси мендаку, мошинасигача боргунча ёмғирда ивиб кетадику? Шамоллаб қолиши мумкин” дея шошиб жомадонни очди-да, курткани олиб, оёғига енгилгина шиппакни кийганича фарзандининг орқасидан югурди…

У мошинаси томон кетаётганида орқасидан онасининг чақирган овозини эшитди. Ўгирилиб қаради. Кўрдики, шўрлик она усти боши ҳўл бўлса-да, қўлида унинг курткасини ушлаганча югурарди…

Унинг бир зумда кўз олдидан бутун болалиги ўтди. Онасининг ҳамиша оғир дамларда ёнида бўлгани, туҳмат билан қамалганда, онасининг қамоқхонага тинмай қатнагани, хотининг эса “бундай уголовник эр керакмас” дея қизлик уйига кетиб қолиб, ажралишгача боргани, бир мунча муддат ўтгач, қомоқхонадан оқланиб келганида, онаси қолиб, биринчи бўлиб хотинининг етиб боргани, аварияга учраб, операция қилиниб, реанимация хонасида ётганида онаси ёнида ўтириб мижжа қоқмай чиққани…

У бошларидан, сочларидан, юзларидан ёмғир томчилари томиб турган онасига меҳр билан қаради ва маҳкам бағрига босиб, қўлларини ўпди-да, пойига кўзини суртиб кечирим сўради: “Мен тўғрилаб бўлмас хатога йўл қўйишимга оз қолибди! Онажон, мендек нотавон ўғилни кечиринг! Ўз мансабини, амалини ўйлаб, шаллақи шантажчи хотинни танлаб, ўз онасидан воз кечган пасткаш ўғлингизни кечиринг!” У онасини мошинага ўтказдида, ичқаридан жомадонни олиш учун югуриб кириб кетди…

Уйига келишганида хотини ва қизи меҳмонхонада чой ичиб ўтиришарди. У онасини уйига бошлаб кираркан, хотинига юзланди: “Сен кеча менга “Танланг: онангиз ёки мен!” деб шарт қўйган эдинг. Икки қулоғинг билан эшитиб қўй: Мен онамни танладим! Кийимларингни йиғиштиргинда, онангникига жўна! Сенга бир соат вақт муҳлат бераман!…”

БЕҲЗОД ҲОЖИМАТОВ.

loading...