Жаҳон савдо ташкилоти бош директори лавозимига нигериялик иқтисодчи ва халқаро ривожланиш бўйича мутахассис Нгози Оконжо-Ивеала сайланди. Уни бу лавозимга тайинлаш ҳақидаги қарорни ЖСТ бош кенгаши 15 февралда қабул қилди.
Эътиборлиси, Оконжо-Ивеала нафақат ушбу лавозимни эгаллайдиган биринчи аёл, балки бу лавозимда Африканинг илк вакили бўлади. Унинг ваколатлари муддати 2021 йил 1 мартда бошланади ва 2025 йил 31 августда ниҳоясига етади.
Нгози Оконжо-Ивеала 1954 йилда Нигерияда дунёга келган. 1973 йилда Гарвард университетига ўқишга кириб, уни аъло баҳолар билан тамомлаган.
Оконжо-Ивеала 25 йил давомида Жаҳон банкида ривожланиш масалалари бўйича иқтисодчи бўлиб ишлаган, сўнгра 2007 йилдан 2011 йилгача унинг бошқарувчи директори бўлган.