Зангиота туманида эркак хотинининг исмини сўрагани учун уйига келган меҳмонни пичоқлаб ўлдирди

0

Судланувчи Ботир Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўта хавфли рецидивист ҳисобланади. У шу кунга қадар 5 марта судланиб, ўн йилдан ортиқ умрини қамоқда ўтказган.

 

У олтинчи марта жиноятга қўл ураётганида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди. Аммо қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, жамиятда ўз ўрнини топиш ўрнига яна жиноят кўчасига қадам қўйди. Унинг навбатдаги жинояти ҳақида Олий суд Матбуот хизмати хабар қилди.

 

Гап шундаки, кунларнинг бирида у таниши Ваҳоб Алиевни уйига таклиф қилади. Меҳмон келгач, бир шиша ароқ ичишди. Икковлон ичкилик ҳуморидан таниш-билишларига қўн­ғироқ қила бошлайди. Хуллас, ўша куни Ботирнинг уйига яна уч киши келади. Маишат, кайфу сафога берилган меҳмонлар хонадаги телевизорга уланган «DVD»нинг овозини баландлатишни хоҳлаб қолишади. Бироқ қанча ҳаракат қилишмасин, бунинг уддасидан чиқа олишмайди. Кейин меҳмонлардан икки ки­ши уйига кетади.

 

Қолган меҳмонлардан бири хонага кириб-чиқиб турган Ботирнинг хотинидан исмини сўрайди. Ўз навбатида, аёл буни Ботирга айтади. Бу гапни эшитган ширакайф Ботир ошхонадаги пичоқни олганча хонага отилиб киради ва меҳмоннинг кўксига санчади…

 

Пичоқ зарбидан йигит ҳаётдан кўз юмади. Кўзи қонга тўлган Ботир саросимага тушиб қолган Ваҳобни ҳам пичоқ билан жароҳатлайди. Сал вақтдан сўнг Ботир Ваҳобдан қотилликни бўйнига олишни талаб қилади. Акс ҳолда хонадан тирик чиқмаслигини айтиб, таҳдид қилади. Ваҳоб жон қайғусида унинг шартига кўнади…

 

Энг қизиғи, Ботир суд мажлисида айбини яширишга қаттиқ ҳаракат қилди.

 

Унинг иддао қилишича, гўёки меҳмон йигитни Ваҳоб ўлдирган эмиш. Ваҳоб эса, ёл­ғон кўрсатма бериб, унга туҳмат қилаётган экан. Бироқ Ботирнинг гаплари алдовдан ибортлиги жиноят­ иши доирасида тўлиқ тасдиғини топди.

 

Суд унинг жиноятига яраша қонуний жазо тайинлади.

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аслида содир этилган жиноятнинг илдизлари Ботирнинг дунёқарашига бориб тақалади. Бошқача айтганда, у маънавий дунёси қашшоқлиги туфайли шу куйга тушди. Бинобарин, ҳаётда бахтли ҳаёт кечириш учун инсоннинг маънавий дунёси кемтик бўлмаслиги керак.

 

Айни шу жиноят иши мисолида маънавият­ инсонга барча иллатларга қарши тура олишни ўр­гатиши яна бир бор ўз тасдиғини топади. Маънавият инсоннинг ру­ҳий олами, имон-эътиқоди, тафаккури, онги, ақлу заковати, илму фаросати, кийиниши, сўзлашиши, муомаласи, тарбиясини қамраб олган яхлит бир тушунчадир. Шу боис маънавият одамзот боласининг энг асосий эҳтиёжи бўлиб қолаверади. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир.

loading...