Отамга

0

1

Нозик қўл, тиниқ юз… шаҳарликлардай
Таним оқ, таралар энг хушбўй атир.
Гарчи товонларим ёрилмаяпти,
Юрагим оёғи яғирдан яғир.

Одам водийсидан ОДАМ топмадим,
Лабимдай кесилиб кетгандир кўнглим.
Худди сиз айтгандай яшадим, ота —
Ўзим ёқа бўлсам, дўстни енг билдим.

Мени еб битирар кундан кун шаҳар,
Тинмай чорлайверар қадрдон қишлоқ.
Эгнимга ҳар янги кийим олганда
Сизнинг чопонингиз кўради ямоқ…

2

Ота, оташ бўлиб ёняпман,
Ич-этимни куйдирар соғинч.
Мен азобга қўйгунча сизни
Яйловларда юрсам эди тинч.

Тош шаҳарга айтаман ҳар кун
Хотирамнинг қатраларини.
Тўрт томондан тешар деворлар
Юрагимнинг пардаларини.

Тор дунёга сиғмайин гоҳи
Ер остига тушаман маҳзун.
Сақичдайин ширамни олиб,
Метро дарддош бўлади ҳар кун.

Кўнглим тўкиб чиқаман шошиб,
Қайноқ ҳаёт қайнатар қоним.
Чап кўксимда юрак аталган
Оғир харсанг санчади сим-сим…

Табиатда сокин оқар ёз,
Қайта-қайта гуллайди баҳор.
Қачон кўрмай Тангритоғ каби
Бошингизда ялтирайди қор.

Пешонангиз эгатларида
Тошиб оқар Аму билан Сир.
Анҳорда сув қуриган маҳал
Терингиздан сув ичади ер.

Юзингизда ажинлар сафи,
Кўнглингиздек қўлингиз қадоқ.
Умрим бўйи ташна илдизи
Сизга туташ янтоқман, янтоқ!

✍️ Абдулазиз АҲМАД

loading...