Шимолий кореялик хакерлар Pfizer компанияси серверларига ҳужум уюштирди

0

Шимолий кореялик хакерлар коронавирусга қарши вакцинага оид маълумотларни олиш учун Pfizer фармацевтика компаниясининг серверларига киришга уринди. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси (NIS) маълумотига таяниб Yonhap хабар берди.

Жанубий Корея Миллий ассамблея разведка қўмитасининг ёпиқ йиғилишида шимолий кореялик фуқаролар киберҳужумни амалга оширишга урингани тахмин қилинди. Хакерлар маълумот олишга муваффақ бўлганми ёки йўқлиги ҳақида ахборотлар топилмаган.

Маълумот учун, Германиянинг BioNTech компанияси билан ҳамкорликда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан Американинг Pfizer компанияси 2021 йилда ушбу дори сотувидан 15 миллиард доллар фойда олиши кутилмоқда. Вакцинани ҳисобга олмаганда, Pfizer 2021 йилда 44,4—46,4 миллиард доллар атрофида фойда олиши мумкин. Компаниянинг ҳар бир акциясидан келадиган фойда 3,10 доллардан 3,20 долларгача бўлиши башорат қилинмоқда.

Аввалроқ россиялик хакерлар АҚШ Молия вазирлиги тизимига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Ҳужум ортида Cozy Bear (АPT29 сифатида ҳам маълум) гуруҳи турган. Гуруҳ Россия махсус хизматларига алоқадор деб гумон қилинади.

Ундан аввал мазкур гуруҳ Буюк Британия, АҚШ ва Канада махсус хизматлари томонидан COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқаётган халқаро тадқиқот марказларининг тармоқларига яширинча кириб, бу борадаги ахборотларни ўғирлашга уринганликда айбланган эди.

Шунингдек, нидерландиялик хакер 2020 йил 16 октябрь куни Дональд Трампнинг паролини беш уринишда топиб, унинг Twitter’ига киргани ҳақида хабар берилган.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here