Элвис Преслига тегишли бўлган 54 йиллик GMC пикапи аукционга қўйилади (+фото)

0

GAA Classic Cars аукциони орқали Элвис Преслига тегишли бўлган 1967 йилги GMC пикапи сотувга қўйилади. Пикап идеал ҳолатда сақланган бўлиб, сотувчининг таъкидлашича, «жуда яхши юради». Машинанинг бошланғич нархи ошкор этилмаган, савдолар 20 февраль куни бошланади.

Фото: GAA Classic Cars
Элвис Пресли мазкур пикапни 1967 йилнинг февралида яна худди шунақа иккита модель билан бирга (қизил ва кўк рангли) сотиб олган. Бироқ қўшиқчи улардан узоқ вақт фойдаланмаган: орадан бир йил ўтгач, 1968 йилнинг мартида қўшиқчининг отаси автомобилни Мэриленд штатидаги дилерга сотиб юборган.

Шундан сўнг GMC’нинг тақдири мураккаб кечган. У бир неча бор ўз эгасини алмаштириб, охир-оқибат Элвис Пресли музейига келиб қолган ва экспозиция билан бирга АҚШнинг кўплаб штатлари ҳамда Канадада саёҳатда бўлган. Машинанинг олд панелига актёр Жей Лено ва кантри-қўшиқчи Блейк Шелтоннинг имзоси туширилган. Тахминан тўрт йил олдин 54 йиллик пикап тўлиқ реставрация қилинган. Бунинг учун юк платформаси ечиб олинган, икки ўриндиқли кабина янгиланган. Двигатель ҳам таъмирланган, бироқ янги эҳтиёт қисмлар қўшилмаган — у бутунлай оригинал.

Машинани бўяш вақтида пикап олдин ҳам бўялгани маълум бўлган: яшил рангдан у қизилга айланган ва кейин яна яшилга бўялган. Сўнгги реставрация жараёнида усталар юқори сифатли қопламадан фойдаланиб, унга заводдаги рангини қайтаришга уринган. Қайд этилишича, пикап кўплаб янги эҳтиёт қисмларига эга бўлган, бироқ жамланмаларнинг асосий қисми 1967 йилдан буён сақланиб қолган.

Фото: GAA Classic Cars
Орқа узатмали пикап 4,1 литли В6 двигатели ёрдамида ҳаракатга келади, у эса ўз навбатида уч поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Сотувчининг сўзларига кўра, автомобиль ҳозирга қадар 134 минг километрга яқин масофа босган.

loading...