«Формула-1» чемпиони ўз коллекциясидаги Ferrari, Mercedes-Benz ва BMW’ларни сотмоқда (фото)

0

Ferrari’дан Aston Martin жамоасига ўтган «Формула-1»нинг тўрт карра чемпиони Себастьян Феттель ўз коллекциясидаги спорткарларнинг бир қисмини сотишга қарор қилди. У Британиянинг Tom Hartley Jnr дилери орқали саккизта автомобилини сотувга қўйди: бешта Ferrari, иккита Mercedes-Benz ва битта BMW. Дастлабки суткадаёқ машиналарнинг бештаси ўзига янги хўжайин топган, деб хабар беради Motor.

Сотилган автомобилларнинг учтаси Ferrari — LaFerrari, Enzo ва F50. 2016 йилда ишлаб чиқарилган LaFerrari тўрт нуқтали хавфсизлик камарига эга ковшсимон пойга ўриндиқлари ва махсус газ чиқариш тизими билан жиҳозланган. Беш йил давомида у 490 километр йўл босган.

2004 йилги Enzo эса 1790 километр масофа босган, 1996 йилги F50’да эса ушбу кўрсаткич 6939 километрга тенг. Феттель сўнгги моделни 2015 йилда — биринчи бор Ferrari жамоасига қўшилганида сотиб олган эди. Харидорлар Италия суперкарлари билан бирга фирманинг қатор аксессуарларига ҳам эга бўлган: чамадон, юк учун сумка, захира калитлар, автомобиль ғилофи, шунингдек, тегишли барча ҳужжатлар. Сотилган Ferrari’лар нархи ошкор этилмаган.

Яна иккита Ferrari ҳамон сотувда. Биринчиси — бу 2016 йилда ишлаб чиқарилган F12tdf бўлиб, у харид қилинганидан буён 1183 километр йўл босган. Ноёб суперкар Giallo Triplo Strato сариқ рангга бўялган ва 20 дюймли дискалар билан жиҳозланган. Салондаги ўриндиқларнинг бош қўядиган қисмига Феттелнинг фамилияси туширилган логотип тикилган. Ҳозирча сотилмаган Ferrari’лардан яна бири — 3077 километр йўл юрган 2015 йилги 458 Speciale модели.

Пойгачи Италия суперкарларидан ташқари, 2009 йили Абу-Дабида бўлиб ўтган Гран-Придаги ғалабасидан сўнг совға қилинган Mercedes-Benz SL65 AMG Black Series, 2010 йилги Mercedes-Benz SLS AMG ва 2002 йилги BMW Z8 Roadster’ни ҳам сотувга қўйган. Штутгарт спорткарларининг иккиси ҳам сотиб олинган, 21,7 минг километр йўл босган Z8 эса янги эгасини кутмоқда.

Феттель мухлисларининг тахминича, чeмпион гаражида Aston Martin машиналари учун бўш жой ҳозирламоқда. Британия маркаси вакиллари пойгачининг Италия маркаларини сотаётганига ҳеч қандай алоқалари йўқлигини маълум қилган.