МИБ: “Малибу” машинаси хатлангач 7 ойдан буён тўланмаган қарздорлик тўланди

0

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 16.11.2020 йилдаги қарорига кўра “Асака банк” АЖ Сирдарё вилоят филиали билан А.Л.нинг ўртасида тузилган кредит шартномаси шартлари А.Л. томонидан ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли қарздордан 54.055.000 сўм муддати ўтган кредит ҳамда 2.162.200 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бўйича Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод туман бўлими томонидан ундирувни гаровга қўйилган 2019 йилда ишлаб чиқарилган “Malibu 2” русумли автотранспорт воситасига қаратиш мақсадида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида ушбу автотранспорт воситасининг давлат рақам белгиси қарздор томонидан алмаштирилганлиги сабабли топиб хатлашнинг имкони бўлмаган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига асосан автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, амалга оширилган қидирув-суриштирув ишлари натижасида транспорт воситаси Янгиер шаҳридаги М-34 магистрал йўлида ҳаракатланиб кетаётган вақтда Сирдарё туманлараро давлат ижрочиси Ғ.Шоназаров ва бўлим давлат ижрочилари томонидан ушланган ва тегишли тартибда хатланиб, жарима майдончасига қўйилган.
Қарздор А.Л. томонидан ижро ҳужжати ижроси белгиланган ихтиёрий муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаганлиги туфайли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198 прим 1-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2.450.000 сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, қарздордан 54.055.000 сўм кредит қарздорлиги, 2.450.000 сўм маъмурий жарима, 2.162.200 сўм давлат божи ва асосий қарздорликнинг 5% миқдорида 2.702.750 сўм ижро йиғими ундирилди.

loading...