Ўз эгаларига фожиали ўлим келтирган 5 та заргарлик буюми (+фото)

0

Ўз эгаларининг ўлимига сабаб бўлган заргарлик тақинчоқлари ҳақидаги ҳикояларга ишониш қийин, албатта. Сирли ҳодисалар чиндан ҳам қимматбаҳо тошлар билан боғлиқми ёки йўқлиги ҳанузгача барчани қизиқтириб келмоқда.

«Умид» олмоси

Ушбу олмос нафақат ўзининг гўзаллиги билан, балки у билан боғлиқ бўлган фожиали ҳодисалар билан ҳам машҳур. Афсоналарга кўра, у Жан-Батист Таверне Ҳиндистондан олиб келган 115 қиротли қимматбаҳо тошни арралаш йўли билан олинган. Бу дунёдаги энг катта ҳаворанг олмос ҳисобланади.

Фото: Cosmopolitan
XVII аср ўрталарида ҳинд маъбудаси Ситадан олмос-қотил ўғирланган. Афсонага кўра, уни ўғирлаган ўғри қочиб кетмоқчи бўлганида чақмоқ урган. Ушбу нодир тошнинг биринчи эгаси Жан-Батист Таверне бўлиб, кейинчалик уни француз қироли Людовик XIV га сотган. Ўшандан буён олмосга эгалик қилган ҳар бир киши сирли шароитда вафот этади ёки ақлдан озади. Хазина қидирувчиси Тавернени итлар галаси талаб ташлаган, Людовик гангрена касаллигидан вафот этган. Тошнинг кейинги эгаларига ҳам аянчли ўлим битилган. Мария-Антуанетте ва қирол Людовик XVI нинг боши олинган, малика де Ламбаллни оломон ўлгунича калтаклаб ўлдирган. Жак Коле эса ўз жонига қасд қилган.

Олмос қолдирган из қанчалар қонли бўлишига қарамай, унга эгалик қилишни истайдиганлар ҳам кўп бўлган. Бойлар орасида ушбу тошни абадий йўқ қилишга ҳаракат қилганлар бўлган. Шулардан бири америкалик миллионер Эвелин Маклин эди. Аёл зиёфат уюштириб, меҳмонларга антиқа ўйин таклиф этган. Унга кўра деворга яширилган олмосни топиш керак эди. Афсуски, уни ҳеч ким топа олмаган ва тош аёлнинг оиласига ҳам бахтсизлик келтирган. Маклиннинг ўғли автоҳалокатда, қизи эса меъёридан ортиқ дори қабул қилишдан вафот этган. Турмуш ўртоғи ҳам бошқа аёл билан яшаб, сўнгра вафот этган.

Машҳур заргарлик буюмлари савдогари Генри Уинстон ушбу қайғули воқеалар занжирини узишга муваффақ бўлган. У олмосни сўнгги эгаларидан сотиб олиб, Смицон институтига совға қилган. Энди олмосга ҳеч ким ёлғиз эгалик қила олмайди ва шунинг билан унинг қонли ҳикояси якунланган.

Орлованинг қора олмоси ёки «Брахманинг кўзи»

Ҳинд ибодатхонасидан ўғирланган ва бир неча инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган яна бир қимматбаҳо тош. «Брахманинг кўзи» деб номланган олмос худди шу номдаги маъбуднинг ҳайкалини хазина қидирувчилар томонидан ўғирланмагунча безатган. 1932 йилда Америкага олиб келган Ж.Перис кўп ўтмай баланд бино томидан ўзини ташлаган. Тошнинг кейинги эгалари малика Надежда Орлова ва Леонила Галицина-Бариатински ҳам ўзини баландликдан ташлаб, жонига қасд қилган.

Фото: Cosmopolitan
Олмос эгаларининг фожиали ўлими бир қатор миш-мишларни келтириб чиқарган. «Умид» олмоси ҳикоясини якунлаган Генри Уинстон яна тошнинг ёвуз сеҳрини йўқ қилишни ўз зиммасига олади. У олмосни уч қисмга бўлиб, энг каттасини платина маржонга солиб, бошқа олмослар билан тўлдирган. Ўшандан кейин олмосни тақиб олган бирор киши жабрланмаган. 2006 йил тош яна ёруғликка қайтди, уни актриса Фелисити Хаффман «Оскар» мукофотида тақди.

Альфонсо XII узуги

Ушбу узук кўплаб даҳшатли воқеалар сабабчисига айланган. Испания қироли Альфонсо XII 1875 йилда ўзининг ёш рафиқаси малика Мерседесга опал тошли узук совға қилган. Асал ойидан кўп ўтмай, қиз сил касалига чалинган. Касал вақтида у ҳомиласидан айрилган ва кейин ўзи ҳушига келмасидан вафот этган. Қирол билан никоҳи атиги 6 ой давом этган малика 18 ёшга тўлганидан икки кун ўтиб вафот этган. Қайғуга ботган шоҳ ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган, аммо уни қутқариб қолишган.

Фото: Cosmopolitan
Қимматбаҳо узук қиролнинг синглиси Альфонсонинг синглиси Мария дел Пиларга ўтган, тез орада у ҳам вафот этган. Йўқотишдан кейин шоҳ яна турмуш қуришга қарор қилган. Орлеанлик Мария Кристина учун жуфт танлаш маросимида қирол унга узукни совға қилган. Бироқ бўлажак келин тўйгача сил касалига чалиниб, вафот этган. Ушбу узукка нисбатан бўлган шубҳалар қирол ҳам 37 ёшида силдан вафот этганидан кейин ўз тасдиғини топган.

Мешерскийнинг олмос зираклари

Мешерскийларнинг оиласида олмосли зираклар авлоддан авлодга ўтиб келган ва улар бир-бирига мос бўлмаган жуфтликлар томонидан тақилса, албатта, бахтсизлик бўлади, деб ўйлашган. Узоқ вақт давомида оилавий афсона сир бўлиб қолган, токи князлардан бири дўсти Александр Сергеевич Пушкинга бу ҳақда айтгунча.

Фото: Cosmopolitan
Шоир рафиқаси Наталья Гончаровани жуда ҳам рашк қилар эди. Уни севадими ёки алдаганми, буни билиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлган. Шоир хавфли тажрибани амалга ошириш ниятида «ҳақиқат зираклари»ни севгилисига берган. Зираклар аёлни зарарламаган, аммо шоирнинг ўзи дуэлда ҳалок бўлган.

ХХ асрнинг бошларида зираклар шаҳзода Александр Мешерскийнинг хотини Кетринга насиб этди. Шундан сўнг унинг турмуш ўртоғи вафот этган, жамиятдаги мавқейи йўқолди, инқилоб, сўроқ ва таъқиблар юз берди. Охир-оқибат у бахтсизлик келтирган зиракларни сотишга қарор қилган.

«Санси» олмоси

Томчи шаклидаги сариқ олмос Ҳиндистондан топилган, кейин узоқ вақт давомида Шарқ ҳукмдорида, охир-оқибат Европада қолган. Афсуски, ушбу тошнинг эгалари ҳам фожиали тарзда ўлим топган.

Фото: Cosmopolitan
1570 йил тош де Сансига ўтди. Олмоснинг гўзаллигидан ҳайратга тушган зодагон уни ўз номи билан атаган. Маркиза олмосни жуда қадрласа-да, бир куни, албатта, уни кимгадир беришга қарор қилган.

Ушбу қарорга нима сабаб бўлгани номаълум. Олмос Франция қироли Генрих III га тегишли бўлиб, кўп ўтмай вафот этди. Тош кейинги шоҳга ўтган. Генрих IV ҳарбий соҳани қўллаб-қувватлайдиган ҳеч нарсага эга эмаслиги учун олмосни сотишга қарор қилган. Аммо уни харидорга етказиш учун юборилган одам йўлда вафот этган. Олмос марҳумнинг ошқозонидан топилган ва саройда қолдирилган. Бир неча кундан кейин Генрих IV ўлдирилди.

Кейинчалик олмосга Стюартлар, улардан сўнг Бурбонлар эгалик қилган. Ва у ҳар бир кишига ўлим ва бахтсизлик келтираверган. 1830 йилда Демидов тошнинг янги эгасига айланган ва хотинига тақдим этган. Бир неча ўлимдан сўнг Демидовнинг авлодлари тошдан қутулишга қарор қилган ва уни сотиб юборган.

loading...