Ошхона жиҳозларини тозалаш бўйича 7 та лайфхак

0

Ошхона тозалашда одатда уч қисмга алоҳида эътибор қаратилади: идиш-товоқлар, газ плитаси ва иш жойи. Бу, албатта, тўғри, аммо эшик ва ошхонадан ўрин олган шкафлар ҳақида ҳам унутмаслик керак. Чунки вақт ўтиши билан сачраган ёғлар чангларни йиғиб олади. Шкаф юзасини ювиб чиқиш зерикарли, аммо улар мунтазам равишда тозалаб турилмаса, жиҳозлар тез орада ишдан чиқиши мумкин. Қуйида ошхонани тезда тартибга келтирадиган ва хатоларга йўл қўймасликка ёрдам берадиган лайфхаклар билан танишинг.

Тозалаш воситаларидан тўғри фойдаланинг

Ошхонадаги идишларни ювиш учун қаттиқ ва кимёвий моддали тозалагичлардан фойдаланишга тўғри келади. Улар шкафларнинг қопламасига зарар етказиши мумкин. Асосий маҳсулот сифатида шкаф сиртлари учун суюқ гелдан фойдаланиш тавсия этилади. Ёки қуюқроқларини иссиқ сув билан аралаштириш мумкин. Сувнинг илиқ бўлиши жуда муҳим, бу ёғ томчиларини янада самарали эритишга ёрдам беради

Воситани шкаф юзасида қолдирманг

Ушбу маслаҳат фақатгина ошхона учун эмас, уйдаги барча мебелларга ҳам тегишли. Восита аслида мебелнинг ўзига эмас, юмшоқ тозалагич мато устига сепилиши керак. Мато ўта ҳўл эмас, балки бирозгина нам бўлиши керак. Ҳаддан ташқари намлик вақт ўтиши билан қопламани бузади ва турли хил доғлар қолдиради. Жараённи бир неча марта амалга ошириш мумкин, фақат намликка эътибор берган ҳолда.

Тиш чўткаси ёрдам беради

Баъзи шкафлар турли хил безак ва деталларга эга. Уларни оддий мато билан тозалаш жуда қийин. Ушбу жойлар учун эски тиш чўткасидан унумли фойдаланиш тавсия этилади. Бунда, асосан, юмшоқ тукли чўтка афзалроқ, шунда шкаф бўёғига зарар етказиш эҳтимоли камаяди.

Металл маҳкамлагич ва тутқичларни унутманг

Юмшоқ тозалаш эритмаси ошхона сиртлари учун хавфсиздир. Аммо тортма ичидаги металл маҳкамлагич ва тутқичлар нам бўлмаслиги керак. Металл юзасидаги чанг ва кирни тозалаш учун қуруқ мато билан артиш кифоя. Агар улар ёғли бўлса, тозалагандан сўнг уларни қуритишни унутмаслик лозим.

Икки маротаба тозаланг

Шкафни ёғ ва чангдан тозалагандан сўнг илиқ сувда намланган оддий мато билан яна бир маротаба артиб чиқиш тавсия этилади. Одатдагидек жараён юқоридан пастга қараб амалга оширилади.

Тозаланган шкафни қуритинг

Агар жавон ва шкафларнинг ички қисми ҳам тозаланган бўлса, дарҳол у ерга буюмларни жойлаштирилмаслик керак. Эшиклар очиқ қолган ҳолда ички қисм қуритилиши лозим. Агар вақт тиғиз бўлса, соч қуритгичдан фойдаланиш мумкин.

Шиша қисмлар учун сиркадан фойдаланинг

Агар шкафнинг шиша қисмлари бўлса, унда сув ва сиркадан фойдаланиш мумкин. Сирка шиша юзасидаги доғ, чанг ва ёғларни осонгина тозалайди. Шундан сўнг уларни қуритиш керак. Шиша қисмлар учун ҳам қаттиқ тозаловчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилмайди.

Доғлар учун ичимлик содаси ёрдам беради

Шкаф ёки уларнинг ички қисмида ёғли жойлар бўлса, уларни ичимлик содаси солинган сув билан тозалаш керак. Содали сувда намланган мато билан артилган шкафлар бир неча дақиқага қолдирилади. Сўнгра артиб чиқилади.

Ошхона тозалаганда шкафларни қолдириб кетманг

Йилига камида икки марта умумий тозалашни амалга ошириш вақтида шкафларнинг барча юзаларини, уларда сақланадиган нарсаларни бутунлай тозалаш, ички қисмларини бўшатиш керак. Шубҳасиз, у ерда, албатта, ташлаб юбориш вақти келганидан дарак берувчи нарсалар ҳам топилади. Яроқсиз, синган буюмларни ташлаб юбориш эса шкафда кўпроқ бўш ўрин яратади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here