7 марта «Оскар»га лойиқ кўрилган мультфильм

0

Кўпчиликнинг болалиги мультфильмларсиз ўтмаган. Ҳамманинг ўз қадрли мультфильмлари бўлган. Эрта тонгда мактабга кетиш олдидан телевизордан берадиган мультфильмни кўрмасдан кетмаган бола бўлмаса керак. Ана шундай қадрдон мультфильмлардан бири «Том ва Жерри» мультсериалидир. 1940 йилнинг февраль ойида қароқчи сичқонча ва посбон мушук саргузаштлари илк бор экран юзини кўрган эди.

Болаликнинг «ҳақиқий қаҳрамонлари»
«Том ва Жерри» — мушукча Том ва сичқон Жерри бош ролларда бўлган Америка мультсериали. Ушбу мультфильмнинг илк қисмлари бошқа — Puss Gets The Boots номи билан эфирга берилган. Биринчи қисмларда қаҳрамонларнинг ҳам исми бошқача бўлган. Том — Жаспер, Жерри — Жинкс. Кўпчиликнинг болалигини ёдга солувчи ушбу мультсериалнинг «оталари» мультпликатор Уилям Ҳанна ва Жозеф Барбера ҳисобланади. Мультфильмнинг бошланишидаги шерни кўпчилик эсласа керак. У мана шу мультсериал яратилган машҳур Metro Goldwyn Mayer киностудиясининг «юзи» саналади.

Фото: Yandex
Дастлаб мультфильм 1940—1958 йиллар давомида Metro Goldwyn Mayer студиясида яратилган. Бу давр давомида ишланган қисмларга Фред Куимби продюсерлик қилган. Болалигимизга ҳамроҳ бўлган мультсериалнинг кичик мусиқаларини Скотт Бредли яратган.

Том — деярли ҳаётдан олинган образ. Чунки мушукнинг ҳаракатлари ва мимикаларини Ирвин Спенс исмли рассом ўзининг ойнадаги аксига қараб чизган. Жерри эса Кеннет Мюс томонидан чизилган.

«Том ва Жерри» 1958 йилда «чет элга бориб келган». Бу йилда мультфильмнинг муаллифлик ҳуқуқлари Чехославакияга сотилган, лекин 5 йил ўтиб яна Голливудга қайтган. Аммо бошқа студияга. Мультфильмнинг қолган қисмлари билан ўша пайтдан бошлаб Sib-Tower 12 Productions by Chuck Jones киностудияси шуғулланган.

Биринчи қисмда бошқа исмлар билан чиққан мушук ва сичқон иккинчи қисмдан бошлаб биз учун қадрдон Том ва Жеррига айланишди.

Фото: Yandex
Том ва Жерри олиб чиққан асосий ғоя
Ёшлигимизнинг асосий қаҳрамонларига айланган Том ва Жерри мультфильмда нафақат сичқонни тутиш, унга озор етказиш қийинлиги ёки жазосиз қолмаслигини, балки замонавий жамиятнинг актуал муаммоларини ҳам очиб беришга ҳаракат қилган. Мультфильм ижодкорлари ёш америкаликларни мураккаб ва катта ҳаётга тайёрлашни ҳам мақсад қилган. Мультфильмда шафқат, ҳамдардлик, раҳмдиллик, содиқлик, дўстлик, ўзаро ёрдам, ташқи таҳдид, умидсиз вазиятдан чиқиш йўллари ва бошқа кичик, аммо эсда қоларли тушунчалар очиб берилган. Шунингдек, муҳаббат, у учун кураш, рақобатга ва спорт, классик мусиқа ҳамда дунёга бўлган тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилган.

Фото: Yandex
«Катта шаҳарларда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради». Мультсериалдаги сирли уй бекаси эсингиздами? Ҳа, у аслида инсон эмас, ҳайвон қилиб тасвирланган худди бошқа қаҳрамонлар каби. Томнинг уй бекаси 1940-50 йилларда қора танли қилиб тасвирланган. Айнан шунинг учун мультфильм ирқий камситишда айбланган ва унга кўплаб танқидлар ёғдирилган. Шу сабабли Ҳанна ва Барбера бекани оқ танли аёлга алмаштиришга мажбур бўлади. Ўша пайтларда ҳам АҚШнинг ички қонунларида ирқий камситишга қарши курашилган. Танқидлар олиб келган персонаж кўп ўтмай умуман кўриниш бермай қўяди. У шунчаки одамларга қизиқ бўлмай қолган.

Икки қаҳрамон ҳайвон — Том ва Жерри инсоний хислатлар билан бойитилган: ўқиш, севиш, ўйин ўйнаш, ўт ёқиш, мусиқа чалиш, куйлаш ва бошқа кўплаб ишлар қила олишади.

Мультсериалнинг асосий жиҳати шундаки, унда ҳеч қайси қаҳрамон гапирмайди. Барча ғоя ҳаракатлар, эмоция ва мимикалар орқали етказилади.

«Оскар»
Мультсериалнинг энг яхши йиллари сифатида 1940-58 йиллар тан олинади. Айнан шу йиллар давомида у 7 марта «Оскар»га лойиқ кўрилган. «Том ва Жерри» биринчи «Оскар»ини ватанпарварлик учун қабул қилган. «Жангчи сичқон» қисмининг якунида осмонга кўтарилган ракета портлаганида Америка байроғини ҳосил қилади.

Фото: Yandex

Уилям Ҳанна ва Жозеф Барбера
«Том ва Жерри» яна 6 марта 1944-, 1945-, 1946-, 1948- ва 1951 йилларда  ушбу номинацияга лойиқ кўрилган.

Бундан ташқари, мультфильмнинг яна бир неча қисмлари «Оскар» номинациясига даъвогарлар рўйхатига қўшилган, аммо улар юта олмаган.

Уилям Ҳанна ва Жозеф Барбера томонидан яратилган мультфильм шунчаки оддий мультсериал сифатида эмас, балки шедевр даражасидаги мултипликацион фильм сифатида тарихда қолди. «Том ва Жерри» бренд даражасига кўтарилди.

2001 йилда «Том ва Жерри»нинг «оталаридан» бири — Уилям Ҳанна вафот этди, 2006 йилга келиб Жозеф Барбера ҳам бу дунёни тарк этган. Муаллифлари вафот этган бўлса ҳам шедевр даражасидаги ушбу фильм кўпчилик болалигининг ва тарихнинг бир қисми сифатида қолди.

loading...