Ҳам уйини ҳам ишини бирдек эплолмаган андижонлик ёш келин эри томонидан дўппослаб ўлдирилди

0

Андижон шаҳрида яшовчи Тўхтасин Собиров ва Дилбар Шарипова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг шаърий никоҳ асосида турмуш қурганларига хали бир йил ҳам тўлмаган эди. Минг афсуски, уйнинг йиғиштирилмаганлиги туфайли ўрталарида келиб чиққан жанжал ёш келинни ҳаётдан бевақт олиб кетди. Бу ҳақда ЎзА мухбири хабар берди.

Дилбар ишхонасида ишлар кўпайиб кетгани учун ишдан кеч кайтиб, овқат тайёрлаётган бир пайтда турмуш ўртоғи кўчадан кириб келади. Бу пайтда улар билан бирга яшайдиган хонадон катталари уйда бўлмаган. Ишдан нега кеч келганлиги, кейин уйнинг саранжом-саришта эмаслиги учун ўртада жанжал бошланади. Даҳанаки жанг тилини тиймаган хотинни дўппослашгача бориб етади.

Жаҳл келганда, ақл кетади деганларидек, эр томонидан калтакланиб, ҳушини йўқотган Дилбар шифохонага етиб бормасдан вафот этади.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳумада бош мия ёпиқ жароҳати, тери ости ва тўқималарга қон қуйилишлар, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, шилинма жароҳатлар, умуман, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари борлиги қайд этилган.

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди раиси Абдурашид Исақов раислигида ушбу ҳолат бўйича суд иши кўриб чиқилиб, судланувчи, 1994 йилда туғилган Тўхтасин Собировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

loading...