Тақво билан безалган умр

0

Францияда тахминан эллик йиллар олдин бир киши яшарди. Унинг исми Иброҳим бўлиб, ёши элликларда эди. У озиқ-овқат дўконида ишларди. Дўкон шундай бир бинода жойлашган эдики, ундаги бир хонадонда яҳудий оила яшарди. Ва бу оилада Жад исмли бола бўлиб, унинг ёши еттида эди.а Жад дўконга уйининг кундалик эҳтиёжлари учун ҳар кун келишга одатланган эди. Ва ҳар гал Иброҳим амакини чалғитиб, шоколад ўғирлаб кетарди. Аммо бир куни чиқаётиб, шоколад олишни эсидан чиқарди. Шунда уни Иброҳим амаки чақириб, бугун шоколад олишни унутганини айтди!..

 

Дўстлик ва муҳаббат

 

Жад қўрқиб кетди. Чунки бу сирни Иброҳим амаки билмайди, деб ўйларди. Тезда Иброҳим амакидан узр сўраб, энди шоколад ўғирламасликка ваъда берди. Унга Иброҳим амаки:

– Йўқ, ҳеч қачон ўғирлик қилмасликка, ҳаётингда қайтиб бирор нарса ўғирламасликка менга сўз бер! Чиқаётиб яна битта шоколад ол, у – сенга, – деди. Бола севиниб кетди ва дарҳол рози бўлди. Орадан йиллар ўтди. Бу ватқ давомида Иброҳим амаки яҳудий бола – Жаднинг отаси, онаси ҳамда дўстига айланди. Жад бирор-бир ташвишдан ёки қийинчиликлардан сиқилса, Иброҳим амакининг олдига келиб, унга қийинчиликлари ҳақида арз қиларди. Унинг шикояти тугагач, Иброҳим амаки ўз тортмасидан қандайдир китоб чиқарар ва Жадга бериб, ундан таваккалига бирор-бир саҳифасини очишини сўрарди. Жад саҳифани очгандан кейин Иброҳим амаки ундан икки бет ўқир, кейин китобни ёпар ва дуо қиларди. Бундан болакайнинг кўнгли таскин топар, тинглаб ўтиришининг ўзида ташвишлари узоқлашар, фикрлари тиниқлашиб, руҳан енгил тортганча уйига қайтарди.

 

Ўн етти йилдан сўнг

 

Икки дўстнинг ҳаёти бир неча йил шу тарзда кечди. Ўн етти йилдан сўнг Жад 24 ёшга кирди, Иброҳим амаки бу пайтда 67 ёшда эди. Иброҳим амаки вафот килди. Вафотидин олдин сандиғини фарзандларига қолдирди. Сандиқ ичига Жад ҳар гал уни зиёрат қилганида ўқийдиган китобни солди. Ушбу китобни унинг номидан Жад исмли яҳудий йигитга ҳадя қилишларини васият қилди. Жад Иброҳим амакининг вафотини унинг ўғиллари сандиқни олиб келганида билди, қаттиқ хафа бўлди. Шунда Иброҳим амакининг дўстона муносабати билан бирга қийинчилик онларида ўзини қандай ҳимоя қилгани кўз олдидан бир-бир ўтди…

 

Бу қандай китоб?

 

Кунлар ўтди. Кутилмаганда Жад яна қийинчиликка дуч келди. Шунда Иброҳим амакини эсларкан, ўзига ташлаб кетилган сандиқ хаёлига келди. Сандиқни очиб, ундан ҳар гал Иброҳим амакини кўришга борган пайтларида очган китобини топди. Жад китобни очди, лекин араб тилида ёзилганини кўрди, у бу тилни билмас эди. Ўйлаб-ўйлаб, тунислик биродарининг олдига борди. Ундан икки саҳифа ўқиб беришини сўради. Дўсти ўқиб берди. Жад ўзининг қийинчилиги ҳақида дўстига айтиб бергач, у Жадга ечимни топиб берди. Жад ҳайратга тушди ва ундан сўради:

– Бу қанақа китоб?

Тунислик деди:

– Бу – Куръони карим, мусулмонларнинг китоби.

Жад яна сўради:

– Қандай қилиб мусулмон бўлади?

Тунислик деди:

– Шаҳодат айтиш, шариатга эргашиш билан.

Жад шаҳодат қандай айтилишини ўргатишини сўради. Сўнг:

– Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадур Росулуллоҳ! – деди…

 

Жадуллоҳ – мусулмон

 

Жад мусулмон бўлди ва исмини “Жадуллоҳ Қуръоний” дея ўзгартирди. Бу исмни ушбу илоҳий китоб шарафига танлади, қолган ҳаётини Қуръони карим хизматида ўтказишга қарор қилди. Жадуллоҳ Қуръонни ўрганди, унинг маъноларини тушунди. Сўнг Европада Аллоҳнинг йўлига чақиришни бошлади, ҳаттоки унинг қўлида яҳудий ва насронийлардан 7 мингдан кўпроқ киши мусулмон бўлди. Бир кун у эски варақларни кўзидан кечираётиб, Иброҳим амаки унга берган Қуръонни очди. Шунда унинг бош саҳифасидан сўнг дунё харитаси қистирилганини кўрди. Харитада Африка қитъасининг устига Иброҳим амакининг имзоси билан қуйидаги ояти карима ёзилганини кўрди:

“Аллоҳнинг йўлига ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат ила чақир!”

Жадуллоҳ ўзига келгач, ишонч ҳосил қилдики, бу Иброҳим амакининг унга қилган васиятидир. Бу гўзал васиятни амалга оширишга қарор қилди. Европани тарк этиб, Аллоҳнинг йўлига чақириш учун Кения, Судан яқинига, Угандага ва унга яқин давлатларга борди. Унинг қўлида 7 миллиондан кўпроқ халқ Исломга кирди.

 

Қуръонийнинг ўлими

 

Жадуллоҳ Қуръоний– ҳақиқий мусулмон, оташин даъватчи. У умрининг 30 йилини Исломда ўтказди, унинг ҳаммасини Африка халқларини Аллоҳнинг йўлига чақириш билан ўтказди. Ва унинг қўлида миллионлаб инсонлар мусулмон бўлди.

Жадуллоҳ Қуръоний 2003 йилда Африкада инсонларни Аллоҳ йўлига чақириб юрган бир пайтда ўзларига етган хасталик туфайли 54 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳам ҳаётидек Исломга даъват бўлди.

 

Хулоса

 

У нима учун мусулмонликни қабул қилди?

Жадуллоҳ Қуръонийнинг ўзи шундай дейди: “Иброҳим амаки 14 йил ичида менга бирор марта ҳам “Эй кофир!” ёки “Эй яҳудий!” ёки ҳеч бўлмаса, “Мусулмон бўл!” деб айтмади.

14 йил давомида унга дин ҳақида ёки Ислом ҳақида ёки яҳудийлик ҳақида  бирор оғиз ҳам гапирмадуи. Чунки ўз ҳаётини тақво билан безаган бу қария қаршисидаги боланинг қалбини Қуръонга қандай қилиб боғлашни билган эди.

 

 

 

loading...