Кириб келаётган совуқ ҳаводан экинларни қандай асраб қолиш чоралари маълум қилинди…

0

 Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кескин об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари, мева, сабзавот ва дарахтларни сақлаб қолиш учун амалга ошириш керак бўлган тавсияларни маълум қилди.

Гидрометеорология хизмати хабар беришича, 24—27 февраль кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Хизмат 25—27 февралда кутилаётган совуқ ҳаво мевали дарахт куртаклари ва гулларига зарар етказишидан огоҳлантирганди.

Об-ҳавонинг кескин ўзгариши шароитида мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини сақлаб қолиш мақсадида қуйидаги тадбирларни зудлик билан амалга ошириш тавсия этилади:
мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;

мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25—1,5 метр ҳамда баландлиги 0,5—0,75 метрдан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш;

дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб, ҳар бир гектар майдонга 100—200 та уюм ҳосил қилиш. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво ҳароратини кузатиб бориш;

ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат 1 даража илиққа тушиши билан уюмларни тутатиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмларни оралатиб тутатиш. Агар совуқ бўлмаса, уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;

эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, похол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш;

иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири — дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, похол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;

иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини иссиқхонада тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш.

Шунингдек, совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлари каби экинларга 2—3 даража илиқ ҳаво сезиларли таъсир этмаслиги маълум қилинган.

Zamin. uz

loading...