Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

0

Шаҳардан чиққанимиздан кейин ҳам йигирма дақиқача юрдик. Йўл четлари, нарироқларда дов-дарахтлар мўл. Ўзи вилоятнинг мана шу томони бошқа тарафларга нисбатан анча баҳаво, сердарахт. Бекорга казо-казолар уйларини шу ёқларда қуришмаган. Энди уйлармисан уйларда. Худди эртаклардагига ўхшайди. Ҳашамдорликни бир сўз билан даҳшатнинг ўзгинаси дейиш мумкин. Таърифлайман десангиз, луғатингиздаги сўз етмайди.

Мен шефнинг уйига борсак керак, деб ўйлагандим. Ўзимча, унинг уйини тасаввур ҳам қилгандим. Йўқ, идорага бордик. Идора ҳам четдан қараганда идорага ўхшамайди. Катта қалин девордан ичкарига кирсангиз, биринчи навбатда кўзингиз ноёб, ҳаво ҳароратини ҳам, тозалигини ҳам ўзгартиришга қурби етадиган арчаларга кўзингиз тушади. Уларнинг остида кўм-кўк майса. Йўлнинг икки четида икки-уч қарич отилиб турган фавворачалар. Ёнида худди шундай паст бўйли чироқлар. Рўпарада лимон рангли уч қаватли бино. Мени шу ёққа киргазишди. Шифтда улкан қандил, оёқ остида қип-қизил гилам. Дераза токчаларида мен биринчи марта кўриб турган гуллар очилиб турибди. Яна қандайдир ифор борки, киришингиз билан баҳри-дилингизни очади.

Сўл тарафдаги биринчи эшикка кирдик. Шунчалик оддийки, анавиларни кўрганингдан кейин ҳайратланмай иложинг йўқ.

Хонанинг ўртасида битта стол ва тўртта стул турибди. Девор шунчаки оқлаб қўйилган. Менга стуллардан бирига ўтириш буюрилди. Ўтирдим. Мени олиб келганлар чиқиб кетишди.

Беш, ўн, ўн беш дақиқа ўтирдим. Аста-секин қандайдир ҳаво етишмай, бошим оғрий бошлади. Бир хаёл манави ромнинг бир табақасини очиб қўйсаммикин, деган ўй келди. Кейин қўй дедим. «Нега бундай қилдинг?» дея дағдаға қилиб қолишмасин, дедим. Кутишда давом этдим. Кутавердим. Лекин бировдан дарак йўқ. «Ярамас валак-салаклар нега олиб келдинглар? Ўзи ҳаммангни битта чуқур қазиб, кўмиб ташлаш керак. Бало борми, вақтидан уч соат аввал келтирволиб. Ўзларинг, ҳойнаҳой, маза қилиб бирор жойда оёқларингни узатиб ўтирган бўлсанглар керак… Отам айтганди, «Болам, ҳар қандай шароитда ҳам фойда олиш хаёлингда турсин. Фақат ҳалолидан. Устингдан бирров бир челак чўғ ташласа ҳам, денгизнинг ўртасида ёлғиз ўзинг қолиб кетсанг ҳам. Юрагинг уриб турибдими? Танангда жонинг борми, фойдангни кўр. Фақат чўнтагингни ўйлама. Ўша денгиздан қирғоққа чиқиб олишинг ҳам фойда».

Хўш, бу диққанафас хонада қандай фойда олишим мумкин? Ҳаво етишмай ўлай деяпман… Топдим! Топдим! Кўзим ўз-ўзидан юмилиб кетяпти. Демак, ухлашим керак. Шунда вақт ҳам тез ўтади, ҳам дам оламан. Агар уйқумда ўлиб қолсам, тақдиримдан.

Кўзимни чирт юмиб, стул суянчиғига суяндим. Ухла, ухла, дея хаёлан ўзимга-ўзим буйруқ бердим.

Аста-секин ухлай бошладим. Бугун жуда эрта тургандим. Ҳар доим бешта уйғонардим. Шу бугун уйқум қочди. Бир нарсадан қуруқ қолгандай соат тўртда уйғониб кетдим. Кун бўйи югур-югуринг кўп, ошна. Дамингни ол. Йўқса, силланг қуриб қолади, дедим. Аммо сира ухлай олмадим. Менимча, эрта турганлигим ҳозир таъсирини ўтказаётган бўлса керак.

Мизғидим. Ҳатто ухлаган бўлсам ҳам керак. Бир маҳал эшик «ширқ» этдию, кўзим очилиб кетдим.

Озғин, чўпдай бир киши кириб келди. Бўйи қарийб меникидай келади. Тепакал. Қўлида папка. Яна спортча кийиниб олган. Битта кўзи илжайди. Иккинчиси қилт этмади. Шунга қараганда у бир кўз.

— Бунча диққинафас хонада ўтирибсан, деразани очиб қўймайсанми? — деди у салом-аликсиз.

— Бегона жой. Бировга ёқмаслиги мумкин, — дея жавоб қайтардим.

— Ақлли бола экансан. Лекин мен ўтиролмайман, — деди новча киши ва борди-да, деразанинг бир табақасини очди.

Бирдан юзимга муздай шамол урилиб, танам яйраб кетди. Қоронғилик тушибди. Чироқлар ёнибди.

— Хўш, — деб у қўлидаги папкасини столнинг устига ташлади, — аввал танишиб олсак. Исмим Бекмурод. Сен Беги ака деб чақирсанг ҳам розиман. Албатта, ҳозирча. Кейин яна кўришиш насиб этса. Сенинг Жасурлигингни биламан. Болалар айтишди. Битта нарсани сўрамоқчиман сендан.

Мен «Нима экан шу сўрамоқчи бўлган нарсанг?» дегандай унинг юзига тикилдим.

— Пул сенга нимага керак?

— Пул? — дедим ажабланиб. — Сизга нега керак бўлса, менга ҳам шундай.

— Ҳэ, — дея у яна битта кўзини тиржайтирди. — Менинг хоҳишимнинг чегараси йўқ. Айтайлик, бугун маишат қилгим келиб қолар. Бирорта ресторанда яхши, оппоққина гўзални меҳмон қилишни кўнглим тусар. Демак, менга бунинг учун пул керак. Сенга-чи?

— Мен хоҳлаганимда ҳам, барибир, ресторанга боролмайман. Битта буханка нон, бир чойнак чой билан қорнимни тўйдирсам бўлди.

— Агар чўнтагингда, айтайлик, бир миллион пулинг бор. Нима қиласан?

— Биринчидан, бир миллион чўнтагимга сиғмайди. Иккинчидан, бир чеккага қўйиб қўяман. Бирор кунга зарур бўлиб қолар.

— Ана айтайлик, йигирма миллион пулинг бор…

— Уйдагиларга обориб бераман.

— Дам олиш, маишат, ўртоқлар билан тоққа чиқиш-чи?!

— Ҳали жудаям эрта.

— Тушундим…

— Энди кетдик. Сени битта жойга обораман.

У ўрнидан турди. Папкасини қўлтиқлади. Эшик томонга юрди. Мен унга эргашдим.

Иккинчи қават. Йўлак бўйлаб йигирма қадам юрдик. Кейин биринчи қаватга, ундан сўнг ертўлага тушдик. Кўриниш бир юз саксон даражага ўзгариб кетди. Чиройли, жимжимадор, нафис ишланган эшик ўрнини қўполдан-қўпол, қалинлиги икки қарич келадиган, қоп-қора бўёқ сурилган ёпқич эгаллаган. Зиналар бетон. Ҳаммаёқ совуқ. Одамнинг кўнглига қўрқув соладиган жой. Худди жаннатдан чиқиб, дўзахга киргандайсан. Айниқса, йўл бошловчи, «Қўрқма, киравер», деб қўйса, аллақандай шубҳаларни туясан.

Эшик ёпилганидан кейин ичкари қарийб қоронғи бўлди. Ёритилган. Қизғиш чироқ билан. Қаёққа қарама, қон рангига кўзинг тушади. Юрагингнинг уриши тезлашади. Мен қўрқоқлардан эмасман. Аммо, барибир, қандайдир ваҳима вужудингни чулғаб олар экан… Бунақанги жойларга шунчаки сенинг пулни яхши кўриш-кўрмаслигингни билиш учун олиб келишмаса керак. Қандайдир хатонгни топишган ва шу хатонг учун жазолашади. Узунқулоқ гапларни кўп эшитганман. Тирноқ остига игна тиқишади. Нозик аъзонгга баклашкани сувга тўлдириб илиб қўйишади. Сўнг уни озгина тебратишса, жонинг кўзинг олдида «рақс»га тушиб, қилмаган ишларингни ҳам қилдим, деб юбораверасан. Эшитганман, биров қийноқларга чидолмаганидан отасининг катта жиноят қилганини айтиб юборибди. Бечора ота оддий деҳқон экан. Қўй оғзидан чўп олмаган, ерга ишлов беришдан бошқасига ярамайдиган, ўта содда одам экан. Роса овора бўлибди бечора. Сал бўлмаса, авахтада мангуга қолиб кетаёзибди. Шундай эса-да, ўғлидан сира хафа бўлмабди. Ҳаттоки айтибдики, «Боламнинг ўрнига мен узоқ муддат панжарали сим ортида, тўрт девор орасида ўтирай. Ўғлимни қўйиб юборинглар». Лекин ўғлини қўйиб юборишмабди…

Мен отамни агар дўзах оловида куйсам ҳам ҳеч нимада айбламайман. Чидайман. Ўлиб кетсам, тақдирим. Ўлмай тирик қолсам, мени бекордан-бекорга азоб гирдобига ташлаганларнинг бошига шундай кунларни соламанки, одам бўлиб дунёга келганига пушаймон бўлишади.

Қоронғи йўлакдан эллик қадамча юрганимиздан кейин ўнг томондаги қалин эшикдан ичкарига кирдик. Бу ер баттар зах экан. Аммо ёп-ёруғ. Афтидан, биз кирганимизга чироқ ёқилган. Йўқса, унчалик ҳам зах бўлмасди.

Бир одам қўлидан осилиб турибди. Юзига қараб бўлмайди. Қулоқ, бурун, оғиз, қош — қон оқмаган жойи қолмаган. Боши қийшайиб, елкасида ётибди. Қўлларини занжир кўтариб турибди. Оёқлари ерга теккан. Жонсиз, шекилли, бироз букилган.

«Бечорани ким бу кўйга солганини тахминан биламан. Шўринг қурғур, шунчалик катта гуноҳ қилибдимики, шу кўйга солишибди», дея ўйладим.

— Хўжайинингни охирги марта қачон кўргандинг? — дея сўради қилтириқ Бекмурод.

— Шерзод аканими? Шерзод акани…

Хотирамни титкиладим. Уч кун аввал эди. Шеф келган эди. Ўшанда кўргандим. Кейин сира кўзим тушмаган.

— Уч… Уч кун бўлди, — деб ютиниб қўйдим.

— Мана, сенга хўжайинингни кўриш насиб қилиб турибди.

Юрагим бирдан шув этиб кетди. Наҳотки шу осилиб турган одам Шерзод ака бўлса? Йў-ўқ, сира ўхшамайди-ку. Бу эмас, Беги мени алдаяпти.

— Шерзод ака бошқача эди-ку, — дедим зўрға тилим айланиб.

Шунда осилган одам ғўлдиради.

— Ана, эшитдингми? Менман деяпти. Ақли жойида бунинг. Энди сен ҳам у кўрганларини кўрсанг, отанг ҳам танимай қолади, — дея Бекмурод ҳиқиллаб кулди.

Шунақанги нафратим қўзидики, бир мушт уриб, унинг жағини синдиргим келди. Беихтиёр Шерзод акага яқинлашдим. Тўғриси, юзидан таниб бўлмайди уни. Ҳеч қурса, бетини ювиш керак.

— Шерзод ака, — дея шивирладим.

Шерзод ака (албатта, ҳақиқатан ҳам, шу Шерзод ака бўлса) қилт этмади. Ҳатто боягидай ғўлдираган овоз ҳам чиқазмади. «Ўлиб қолдимикин?» деган ўй яшин тезлигида хаёлимдан ўтди ва секин ортимга қарасам, Бекмурод йўқ. Эшик ёпилган.

Югуриб бориб эшикни итардим. Қулф.

Бундан чиқди, мени ҳам шу кўйга солишади. Лекин нега? Шерзод ака бошлиқ эди. Қўлида юздан зиёд одам ишлайди. Унда-бунда хатога йўл қўйган бўлиш эҳтимоли бор. Аммо мен бор-йўғи қоровулман. Келган машиналарни ҳужжат билан киргазиб, чиқаётганларининг ҳужжатларини текшираман. Нима гуноҳим бор?

— У-у-у! Оч, эшикни!

Биров жавоб бермади. Бунақанги эшикдан ҳатто овоз ташқарига чиқмайди. Аммо шунга қарамасдан қулоғимни динг қилиб тургандим. Орт томонимдан ғўлдираган овоз келди.

Шерзод ака яна гапирган эди. Ёнгинасига бордим. Оғзига қулоғимни тутдим.

— Уф… ҳи… ҳи… Навбат сеники…

Шерзод ака анча-мунча гапирди, назаримда. Аммо тушуниб олганим шу бўлди, холос.

Меники. Демак, ҳозир бир-иккитаси киради ва мени тепкилашга тушиб кетишади.

Тайёргарлик кўришим керак. Ҳар қалай, Шерзод акага ўхшаб «Нима қилсанглар, қилаверинглар», деб қўйиб бермайман-ку?! Олишаман охиригача. Бир гап бўлар: ё ўламан, ё қоламан. Лекин ғалати томони, нега мени уришлари керак? Ҳаттоки кўчанинг болалари ҳам олдин сабаб топиб, кейин калтаклашади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

 

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

 

 

loading...